ОАВ: Оқ уй TikTok блогерларидан газ нархининг ошишида Путинни айблашни сўради
Олам
−
15 Март 2022
6011Оқ уй расмийлари машҳур TikTok блогерларидан Америка Қўшма Штатларида ёқилғи нархи ошишида Россия Президенти Владимир Путинни айблашни сўради. Бу ҳақда “Fox Business” Оқ уй расмийлари ва ижтимоий тармоқ юлдузлари ўртасидаги учрашув натижаларига таяниб, маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 11 март куни Оқ уйда 30 нафар машҳур TikTok юлдузлари учун Украинадаги вазият бўйича брифинг ўтказилган. Брифингда иштирок этган Жен Псаки мамлакатдаги инфляциянинг сабаблари сифатида Украинадаги воқеалардан олдин бошланган таъминот муаммолари, пандемия ва энергия нархининг ошишини айтган. Ёқилғининг қимматлашишига сабаб қилиб, Владимир Путинни кўрсатган.
Нашр исбот сифатида 18 ёшли блогер Елли Зайлернинг учрашувдан сўнг жойлаган видеосини мисол қилиб келтирган. У видеода мамлакатда бензин нархининг ошаётганига Россия Президентини айблаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8 март куни Америка Қўшма Штатлари Президенти Жозеф Байден Вашингтон Россиядан барча турдаги энергия импортига тақиқ қўйишини маълум қилди. АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси 9 март куни Россиядан энергия ресурслари импортини тақиқлаш ва АҚШ расмийлари томонидан Россиянинг Жаҳон савдо ташкилотидаги (ЖСТ) иштирокини тўхтатиш бўйича чоралар кўриш тўғрисидаги қонун лойиҳасини маъқуллади.
Шунингдек, 8 март куни дунёнинг энг йирик нефть ва газ компанияларидан бири Shell Россия нефть ва газидан фойдаланишни босқичма-босқич тўхтатаётганини маълум қилди.
LiveБарчаси