Депутатлар ОАВ норози бўлган “Реклама тўғрисида”ги қонунни маъқуллади

Жамият 4401
image

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари “Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллади. Лойиҳа бугун, 28 декабрь куни Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида учинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасида рекламанинг айланиши соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги (реклама соҳасидаги ваколатли давлат органи), шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг аниқ ваколатлари белгилаб қўйилмоқда.

Мазкур ҳужжат билан реклама ва ОАВ соҳасида фаолият юритадиган тадбиркорлар учун ортиқча бюрократик тўсиқлар ҳамда уларнинг фаолиятига ортиқча аралашувларнинг олдини олиш мақсадида айрим нормалар бекор қилинмоқда.

“Реклама тўғрисида”ги қонун лойиҳасининг жамоатчилик учун эълон қилинган таҳририда 18-моддасида шундай бандлар бор эдики, унга кўра, қуйидагиларни тайёрлашда ҳомийлик ва ҳамкорликка йўл қўйилмайди:

•    янгиликлар тўғрисидаги ахборот-таҳлилий кўрсатувларда;
•    реклама роликлари ва блокларида;
•    телерадиодастурларнинг анонслари ва блокларида.

Бироқ ушбу норма нафақат ОАВнинг, балки тадбиркорларнинг фаолиятига ҳам жиддий зарар етказиши мумкинлиги билан аҳамиятли.

Бундан ташқари, қонуннинг 29-моддасида дори воситалари рекламасида қуйидагилар тақиқланиши кўзда тутилганди:

•    реклама қилинаётган дори воситасининг нархи ёки нарх сиёсати тўғрисида бирор-бир эслатмадан фойдаланиш ёки ушбу дори воситасининг қулай нархда эканлиги тўғрисида таассурот қолдириш;
•    таниқли шахслар, тиббиёт ходимлари ёки ташқи кўриниши шифокорларнинг ташқи қиёфасига ўхшаш шахслар иштирокидан фойдаланиш;
•    жамоатчиликнинг дори воситасининг таъсири ҳақидаги миннатдорлик, тавсиялар ва эътирофларидан фойдаланиш;
•    касаллик (жароҳат) ва (ёки) дори воситаларининг инсон танасига таъсирида юз берадиган ўзгаришлар тўғрисидаги видеотасма, тасвирлар ва визуал намойишлардан фойдаланиш;
•    улардан фойдаланиш ёки истеъмол қилиш жараёнларини тасвирлаш.

Бу норма ҳам тадбиркорлар ва реклама тарқатувчиларнинг эътирозига сабаб бўлган. Негаки, ишлаб чиқилган дори воситаларини реклама қилишдан мақсад препаратнинг фойдали томонлари, ҳамёнбоплиги, ундан қандай фойдаланилиши ёки истеъмол қилиниши ҳақида аҳолига етарлича маълумот беришдан иборат. Дори воситасини харид қилиш ёки истеъмол қилиш эса истеъмолчининг танловидир.

Мазкур баҳсли нормалар депутатлар маъқуллаган лойиҳада қолддирилдими ёки таҳрирландими буниси ҳозирча номаълум.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 141
Рейтинг: 3
Теглар
t
×