FIFA’нинг “ўйинлари”, очиқлашаётган Сурия ва ўзгараётган алифбо — Ҳафта воқеалари

Таҳлил

Reklama
0:00

FIFA ҳокимиятига нисбатан эътирозлар кучаймоқда. Жанни Инфантинонинг баъзи қарорлари ва баёнотлари унинг обрўсига жиддий зарар етказмоқда. Хўш, Инфантинонинг “тагига сув қуйиш” кимга керак бўлиб қолди?

Ўзбекистонда узоқ кутилган алифбо ислоҳоти амалга ошиши мумкин. Бу қарор ҳали тўла кучга кирмаган бўлса-да, ҳалитдан унинг танқидчилари бисёр. Аммо бу қарорнинг аҳамияти тилнинг келгусидаги ривожи учун қай даражада муҳим эканлигини инобатга олсак, унинг келгусида кучга кириш эҳтимолини ҳам юқори баҳолаш мумкин.

Европа хавфсизлиги НАТОнинг қўлида, НАТО эса АҚШнинг молиявий ёрдамларисиз ҳеч нарсага қодир бўлмай қолди. 7-8 июль куни Анқарада бўлиб ўтган навбатдаги саммит ташкилотни АҚШ таъсиридан иложи борича узоқлаштириш ва келгусидаги тараққиёт йўлини белгилашда муҳим қадам бўлди дейиш мумкин. Аммо саммитдан мутлақ манфаатдор давлат — мезбон бўлди.

Ўзбекистоннинг дўстлари сони ортишда давом этмоқда. Беларусь билан имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ва қатор иқтисодий келишувлар Ўзбекистон учун келгусида янги бозорларни очишга ёрдам бериши кутилмоқда. Хўш, Александр Лукашенко нималарни ваъда қилган?

Сурия энди террорчи давлат эмас. Суриянинг янги маъмурияти тобора халқаро майдонда ишонч қозонмоқда. Мамлакат ҳудудидаги табиий бойликлар узоқ вақтдан бери деярли қаровсиз қолиб кетган эди. Бугун АҚШ ва Франция каби лидерликка даъвогар давлатлар бу бойликларга ҳиссадор бўлиш учун собиқ террорчи Аҳмад аш-Шара билан дўст тутинишга ҳам рози. Хўш, Сурия яна бошқа қудратли давлатларнинг таъсирига тушиб қоладими?

Ушбу мақолада, Жаҳонда ва Ўзбекистонда юз берган энг муҳим воқеалар тафсилоти ҳақида гаплашамиз.

“Reboot FIFA” компанияси ёхуд Инфантинонинг тепасида қора булутлар

FIFAнинг амалдаги Президенти Жанни Инфантинонинг боши узра “қора булутлар сузмоқда”. Инсон ҳуқуқлари йўналишида фаолият юритувчи “FairSquare” ташкилоти Инфантинога қарши “Reboot FIFA” яъни “FIFA’ни қайта ишга тушуриш” номли кенг кўламли халқаро кампанияни бошлади. Ташкилот FIFA Этика қўмитасига тақдим этилиши режалаштирилаётган оммавий шикоят орқали Инфантинони сиёсий бетарафлик тамойилларини бир неча бор бузганликда айбламоқда. Кампания ортидан эса Норвегия футбол федерацияси ва Европа Парламентининг ўнлаб депутатлари ҳам очиқ қўллаб-қувватлов билдирди.

Трамп илтимосига кўра АҚШ ҳужумчисига нисбатан белгиланган қизил карточканинг бекор қилиниши ва Миср ҳамда Аргентина ўртасида бўлиб ўтган ўйинидаги конфликтлардан сўнг янада кўпроқ муҳокама қилина бошланган Инфантино устидан шикоят аслида “FairSquare” ташкилоти томонидан 2025 йил 8 декабрда бошланган эди. ФИФА Этика қўмитасининг Тергов палатасига айнан шу куни ташкилот илк шикоятини топширган. Унга кўра, Инфантино АҚШ Президенти Дональд Трампнинг сиёсати ва ҳаракатларини бир неча маротаба оммавий равишда қўллаб-қувватлаган. Бу эса FIFA Этика кодексининг 15-моддасида белгиланган сиёсий бетарафлик талабига зид ҳисобланади. Кодексга кўра, FIFA халқаро спорт ташкилоти ўлароқ, қайсидир давлатнинг футболга алоқаси бўлмаган сиёсий қарорларини у ёки бу кўринишда қўллаб-қувватлаши ёки танқид қилиши мумкин эмас. Аммо, Эрон билан бир неча бор ҳарбий кескинликка борган, узоқ йиллардан бери Данияга қарашли бўлиб келаётган Гренландияга очиқчасига кўз олайтирган инсон учун алоҳида тинчлик мукофоти таъсис этиб, уни тақдирлаш бетарафлик деган тамойилга буткул тескарилиги ҳаммага маълум.

Бугунги кунда FairSquare “Reboot FIFA” номли кампания орқали дунё бўйлаб футбол мухлислари, мутахассислар ва жамоатчилик вакилларини шикоятга имзо қўйишга чорламоқда. Ташкилотнинг мақсади — 2026 йилги Жаҳон чемпионати якунлангач, FIFA тарихдаги энг йирик оммавий шикоятни Этика қўмитасига топширишдир. Кампания ташкилотчилари бу нафақат Инфантинонинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш, балки FIFA бошқарув тизимини ислоҳ қилиш учун ҳам босим воситаси бўлишини таъкидламоқда.

Инфантинога қарши босим фақатгина нодавлат ташкилотлар билан чекланмаяпти. Яқинда Европа Парламентининг 50 нафар депутати FIFA Этика қўмитасига мактуб йўллаб, FairSquare шикоятини қўллаб-қувватлашини билдирди.

Улар FIFA мазкур иш орқали ўзининг сиёсий бетарафлик, шаффофлик ва ҳисобдорлик тамойилларига содиқлигини амалда исботлаши кераклигини қайд этди. Аввалроқ Норвегия футбол федерацияси ҳам расмий равишда шикоятни қўллаб-қувватлаган ва жараён ошкора олиб борилишини талаб қилган эди.

Бундан ташқари, “FairSquare” 2026 йилги Жаҳон чемпионати давомида юз берган айрим воқеаларни ҳам FIFA’даги сиёсий таъсир кучайганининг белгиси сифатида кўрсатмоқда. Хусусан, АҚШ Президенти Доналд Трампнинг америкалик футболчи Фоларин Балогуннинг дисквалификацияси масаласига аралашгани ортидан FIFA жазони бекор қилгани танқид қилинди. Инфантино бу қарорда иштирок этмаганини билдирган бўлса-да, FairSquare ушбу ҳолат бутунлай чемпионатнинг шаффофлигига жиддий таъсир қилаётганини иддао қилган.

Ҳозирча FIFA Этика қўмитаси Инфантинога нисбатан расмий тергов бошланганини эълон қилмаган. Бироқ “Reuters” нашри маълумотларига кўра, FIFA котибияти шикоят қабул қилинганини тасдиқлаган ва зарурат туғилганда дастлабки текширув бошланиши мумкинлигини билдирган.
Нима ҳам дердик, сиёсатнинг иркит қўллари ҳамма ерга етади. Ҳатто биз севиб томоша қилаётган футбол ўйинлари ҳам қайсидир қудратли кучлар қўлида ўйинчоқ бўлиши мумкин эканлигига ушбу ҳолат яққол исботдир.

Алифбо ислоҳоти

Энди “sh” ҳарфини “w”, “o‘” ни “6”, “ch” ни эса “4” шаклида ёзишга ҳожат қолмаслиги мумкин. Ушбу ҳафтада Ўзбекистонда алифбо ислоҳоти ҳақидаги хабарлар жамоатчиликда катта резонанс вужудга келтирди. Узоқ вақтдан бери жиддий муҳокамаларнинг марказида бўлиб келган ўзбек алифбосининг муаммолари ва ислоҳ қилиниши зарур бўлган жиҳатлари яна бир бор қонунчилик даражасида жиддий кўриб чиқила бошланди.

Жорий йилнинг 7 июль куни, Ўзбекистонда лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси парламент қуйи палатаси томонидан қабул қилинди. Аммо ҳали хурсанд бўлишга ҳам, хафа бўлишга ҳам эрта, ҳужжат ҳали якуний кучга киргани йўқ. У аввало Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланиши, шундан сўнг Президент томонидан имзоланиши лозим. Шундагина янги алифбо бўйича ўзгаришлар расман кучга киради.

Қабул қилинган қонун лойиҳасига кўра, амалдаги 26 та ҳарф ва 3 та ҳарф бирикмасидан иборат алифбо ўрнига 28 та ҳарф ҳамда битта тутуқ белгисидан иборат янги тизим жорий этилиши таклиф этилмоқда. Энг асосий ўзгаришлар "Sh", "Ch", "O‘" ва "G‘" каби икки белгидан иборат ҳарфларнинг битта белгида ифодаланиши билан боғлиқ. Унга кўра, Sh ҳарфи Ş, Ch — Ç, O‘ — Ö, G‘ эса Ğ шаклида ёзилади. Шунингдек, алифбодаги "ng" ҳарф бирикмаси чиқариб ташланмоқда.

Мазкур ташаббус аслида бир неча йиллик тарихга эканлигини ҳам унутмаслик керак. Мутахассислар лотин алифбоси 1993 йилда қабул қилинганидан буён икки ҳарфли белгилар амалиётда турли ноқулайликларни келтириб чиқарганини таъкидлаб келади. Хусусан, компьютер дастурлари, интернет доменлари, халқаро маълумотлар базалари ва сунъий интеллект тизимларида "Sh", "Ch", "O‘" ва "G‘" каби ёзувлар кўпинча нотўғри қайта ишланади. Натижада қидирув тизимлари, электрон ҳужжатлар ва автоматик таржима дастурларида бир хил сўз турлича кўринишда акс этиши кузатилади. Бу эса нафақат тилни ўрганиш учун қийинлаштиради, балки техник жиҳатдан ҳам фойдаланишга ноқулай қилиб қўяди.

Бироқ ислоҳотнинг танқидчилари ҳам йўқ эмас. Уларнинг фикрича, янги алифбога ўтиш катта ҳажмдаги ҳужжатлар, дарсликлар, йўл кўрсаткичлари, давлат идоралари пешлавҳалари, электрон базалар ва бошқа расмий материалларни янгилаш заруратини туғдиради. Бу эса муайян молиявий харажатларни талаб қилиши мумкин. Бундан ташқари, эътироз билдираётганлар орасида, “X” ва “Ҳ” ҳарфлари ҳамда “ ‘ ” (тутуқ белгиси) масалаларини ҳам кўриб чиқиш кераклигини таъкидлаётганлар ҳам учрамоқда.

Аммо, шуни ҳам таъкидлаш лозимки, қонун лойиҳасида айнан шу хавотирлар ҳам инобатга олинган. Унда янги тартиб босқичма-босқич жорий этилиши белгиланган. Яъни қонун кучга киргунига қадар расмийлаштирилган барча ҳужжатлар, миллий валюта, қимматли қоғозлар ва бошқа расмий бланкалар ўз кучини сақлаб қолади.

Давлат органлари биноларидаги пешлавҳалар, рамзий белгилар ва бошқа атрибутлар ҳам белгиланган муддатгача алмаштирилмайди. Бу ёндашув давлат бюджетига ортиқча юк тушишининг олдини олиш ва ўтиш жараёнини босқичма-босқич амалга оширишни назарда тутади.
Ушбу лойиҳанинг тақдири қандай кечади, Сенат уни тасдиқлайдими йўқми, ҳалича номаълум. Аммо, ёшларни “чаласаводликда” айблашдан олдин, фойдаланишга қулай алифбони яратиш ҳар икки томон учун ҳам фойдали бўлади назаримда.

Эрдоған меҳмонларига қурол совға қилди

Туркия пойтахти Анқара 7–8 июль кунлари НАТО тарихидаги 36-саммитга мезбонлик қилди. 32 давлат раҳбари ва ҳукумат вакиллари, НАТО Бош котиби Марк Рютте, Европа Иттифоқининг юқори мартабали амалдорлари ҳамда АҚШ Президенти Дональд Трамп иштирок этган учрашув альянснинг сўнгги йиллардаги энг муҳим йиғилишларидан бири бўлди. Россия-Украина уруши, Яқин Шарқдаги вазият, мудофаа харажатлари ва трансатлантик хавфсизлик масалалари яна кун тартибига кўтарилди.

Саммит якунлари бўйича НАТО давлатлари коллектив мудофаа мажбуриятларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Альянс қайсидир маънода Россия билан яқин орада муроса қилиш нияти йўқлигини тан олди ва Украинани қўллаб-қувватлаш учун 70 миллиард доллар ажратишга келишиб олинди. Бундан ташқари аъзо давлатлар “ўз тўрвасини ўзлари кўтариши кераклигини тан олиб” мудофаа салоҳиятини ошириш бўйича янги келишувларни илгари сурилди.

Шу билан бирга, мудофаа саноатидаги ҳамкорликни кучайтириш ва ишлаб чиқариш занжирларини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилиб, 50 миллиард евролик янги ҳарбий харид шартномалари имзоланди.

Тадбир якунида мезбон давлат раҳбари Эрдоған ўз иттифоқдошларини ажойиб совғалар билан сийлади. Эрдоғаннинг НАТО етакчиларининг ҳар бирига Туркияда ишлаб чиқарилган ҳамда номлари ўйиб ёзилган “357 Magnum” револьверини ва ўқлар тўпламини совға қилгани кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Ёғоч қутига жойланган қурол устида Туркия байроғи, НАТО рамзи ҳамда қабул қилувчининг исми акс эттирилган эди. Кимдир бу Туркия Европани қурол билан таъминлашга тайёр эканлигини ифодаловчи рамзий ишора сифатида тадбиқ этмоқда.

Бунга кўра, беминнат ёрдамларини узиб қўйган АҚШга жавобан янги таъминотчи сифатида айнан Анқара сиёсий майдонга чиқишга уринмоқда. Унинг бугунги кунда, дрон ва бошқа авиация технологиялари соҳасида эришаётган ютуқлари бу позицияни эгаллашда катта ёрдам бериши мумкин. Бошқа бир фикрларга кўра, совға қилинган тўппончалар, иттифоқчиларни ўз-ўзини кучайтиришга чорлов бўлиши мумкин. Яъни, олдинги коллектив мудофаа тизимидан воз кечиб, ҳар бир давлат ўз қуролли кучларини ҳимоя қилиши ва бунда уларга Туркия ёрдам бериши энг идеал сценарий сифатида тақдим этилмоқда. Қайсидир маънода икки қарашда ҳам жон бор ва икки ёндашувнинг ҳам асосида Анқаранинг ташкилотнинг навбатдаги етакчи ролига амбициялари ётади.

Бундан ташқари, меҳмонларга Президентнинг сиёсий фаолияти ҳақида ҳикоя қилувчи “The Politics of Courage: Erdoğan and the Rise of Türkiye” (“Жасорат сиёсати: Эрдоған ва Туркиянинг юксалиши”) номли китоб ҳам топширилди. Бу совға эса, Эрдоғаннинг сиёсий йўлини бошқаларга ўрнак қилиб кўрсатишга уриниш сифатида татбиқ этилмоқда.

Бу галги саммитнинг яна бир қизиқ жиҳати, Анқара аҳолиси бу мезбонликдан мамнун эмас эди. Саммит олдидан ташкил этилган намойишларда 100 дан ортиқ ташкилотчи партия аъзолари ҳибсга олинган. 5 июль куни Туркия Коммунистик партияси Анқарада НАТОга қарши оммавий митинг ўтказишга чақирган.

“Бугун Туркиянинг турли ҳудудларида НАТОга қарши норозилик билдириш учун йиғилдик. Биз Анқарани НАТО тарафдорларига топширмаслигимизни, пойтахт сукут сақлашига йўл қўймаслигимизни айтган эдик. Бу ваъдамизни бажардик”, деган Туркия Коммунистик партияси бош котиби Камол Окуян.

“The Guardian” нашрига кўра, Туркия ҳукумати НАТО саммити арафасида Анқара бўйлаб деярли икки ҳафталик оммавий йиғилиш ва намойишларни тақиқлади. 28 июндан 10 июлгача кучга кирган чекловлар доирасида юришлар, митинглар, матбуот баёнотлари ва очиқ йиғилишлар ўтказишга рухсат берилмади.

Шаҳарга минглаб полициячилар сафарбар қилинди, айрим метро бекатлари вақтинча ёпилди ва хавфсизлик чораларининг энг юқори даражаси жорий этилди.

Норозиликларга қарамай НАТОнинг 36-саммити муваффақиятли якунланди. Кўплаб халқаро кузатувчилар назарида эса энг катта муваффақият айнан Туркияга насиб этди.

Беларусьга ташриф

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 8–9 июль кунлари расмий ташриф билан Беларусда бўлди. Минскдаги музокаралар якунида икки давлат ўртасидаги муносабатлар янги босқичга, Стратегик шериклик босқичига олиб чиқилди. Бундан ташқари, ўзаро савдо ҳажмини яқин йилларда 2 миллиард долларга етказиш, саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда меҳнат миграцияси бўйича ҳам янги келишувларга эришилди.

Ўзбекистон Президентини Минск халқаро аэропортида Беларусь Бош вазири Александр Турчин ва бошқа расмийлар кутиб олди.

Ташрифнинг дастлабки кунида Шавкат Мирзиёев Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлганлар хотирасига бағишланган “Ғалаба” монументи пойига гулчамбар қўйиб, уруш қурбонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Расмий кутиб олиш маросими Мустақиллик саройида бўлиб ўтди. Ҳарбий оркестр икки давлат мадҳияларини ижро этди, фахрий қоровул саф тортди. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев ва Александр Лукашенко тор доирадаги ҳамда делегациялар иштирокидаги музокараларни ўтказди.

Учрашув доирасида Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги қўшма декларация имзоланди. Ушбу ҳужжат икки мамлакат ҳамкорлигини сиёсий мулоқот, иқтисодиёт, саноат, транспорт, қишлоқ хўжалиги, таълим, маданият ва бошқа йўналишларда янги босқичга олиб чиқишни назарда тутади.

Музокараларда иқтисодий ҳамкорлик ҳам алоҳидан ўринга эга. Томонлар яқин йилларда ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш бўйича келишиб олди. Бунга эришиш учун саноат кооперацияси лойиҳаларини кўпайтириш, қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, фармацевтика, электротехника ва логистика йўналишларида янги қўшма корхоналарни ишга тушириш режалаштирилмоқда.

Шунингдек, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, транспорт йўлакларини ривожлантириш ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олди. Музокаралар якунида ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар ўртасида қатор ҳужжатлар имзоланди.

ОАВ вакиллари учун берилган қўшма баёнотда Шавкат Мирзиёев эришилган келишувлар Ўзбекистон–Беларусь муносабатларини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишини таъкидлади. Унинг қайд этишича, томонлар нафақат савдо-иқтисодий алоқаларни, балки инвестиция, саноат кооперацияси, таълим ва маданий-гуманитар ҳамкорликни ҳам кенгайтиришга келишиб олди.

Александр Лукашенко эса Ўзбекистонни Беларуснинг энг яқин ва ишончли ҳамкорларидан бири сифатида баҳолади. У икки давлат иқтисодиёти бир-бирини тўлдиришини таъкидлаб, саноат, қишлоқ хўжалиги ва машинасозлик соҳаларида ҳамкорлик учун катта имкониятлар мавжудлигини қайд этди.

Ташриф давомида меҳнат миграцияси масаласи ҳам алоҳида эътибор марказида бўлди. Александр Лукашенко Беларусь иқтисодиётининг айрим тармоқларида малакали ишчи кучига эҳтиёж юқорилигини айтиб, ўзбекистонлик фуқароларни мамлакатда ишлашга таклиф қилди.

“Витебск вилояти ҳақида кўп гапирилди. Ўзбекистонда сув етишмайди. Ер ҳам кўпроқ бўлса яхши бўларди. Бизда, Беларусда, бунинг барчаси бор. Баъзан ишчи кучи етишмайди. Биз ўзбек оилалари Беларусьга келиб, шу ерда жойлашишини, зарур бўлса, тиббий ёрдам олишини, таълим олиб, ривожланишини истардик. Бу Беларусь ерлари бўшаб қолмаслиги учун бизга жуда зарур”, деган у.

Қисқа қилиб айтганда, Беларусьга ташриф қатор савдо имкониятлари ва дипломатик алоқаларни яхшилади. Стратегик шериклик мақомидаги давлатлар сони яна биттага ортди.

Сурия ишонч қозонмоқда

Ўн йилдан ортиқ давом этган уруш, халқаро санкциялар ва дипломатик яккаланишдан сўнг Суриянинг янги ҳукумати аста-секин ишончга кирмоқда.

Сўнгги бир ҳафта ичида юз берган учта муҳим воқеа – Франция Президенти Эммануэль Макроннинг Дамашққа ташрифи, Сурия раҳбари Аҳмад аш-Шаранинг НАТО саммитида иштирок этиши ҳамда АҚШнинг мамлакатни терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан чиқариш ниятини билдириши – Дамашқнинг халқаро майдондаги мавқеи сезиларли даражада ўзгараётганини кўрсатмоқда.

Биринчи муҳим қадам Франция томонидан ташланди. Эммануэль Макрон Дамашққа ташриф буюриб, Башар Асад ҳокимияти қулаганидан кейин Сурияга борган илк йирик Ғарб давлати раҳбарига айланди. Ташриф давомида Макрон Аҳмад аш-Шара билан музокаралар ўтказди, икки давлат ўртасида дипломатик алоқаларни тиклаш ва иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Франция соғлиқни сақлаш, инфратузилма, авиация ва молия соҳаларида ҳамкорликни йўлга қўйишга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, француз компаниялари Сурияни тиклаш лойиҳаларида иштирок этишга қизиқиш билдираётгани ҳам маълум қилинди.

Албатта Макроннинг ташрифи шунчаки эзгу мақсад йўлидаги дўстона қадам эмас эди. Суриянинг нефть ва табиий газ конлари узоқ вақтдан бери ғарбнинг назоратидан чиқиб кетган эди. Аш-Шаранинг сўнгги вақтларда олиб бораётган сиёсати эса Дамашқни халқаро инвесторлар учун яна қизиқарли иқтисодий майдонга айлантирмоқда.

Иккинчи муҳим воқеа Туркияда бўлиб ўтган НАТО саммитига Аҳмад аш-Шаранинг ташриф буюриши бўлди. Сурия раҳбари альянс йиғилишига таклиф қилинди ва Анқарада қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди. Бир неча йил аввал халқаро майдонда деярли яккаланган Дамашқ раҳбари учун НАТО саммити доирасида иштирок этишнинг ўзи сиёсий жиҳатдан муҳим қадам дейиш мумкин. Бу Ғарб давлатлари Суриянинг янги раҳбарияти билан мулоқот қилишга тайёр эканини англатади.

Саммитдаги энг эътиборли учрашув эса Аҳмад аш-Шара ва Дональд Трамп ўртасида бўлиб ўтди. Музокаралардан сўнг Трамп журналистлар саволига жавобан Сурияни АҚШнинг терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатидан чиқариши мумкинлигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, янги Сурия раҳбарияти мамлакатни барқарорлаштириш йўлида сезиларли ишларни амалга оширмоқда.

“Мен мамлакатингизни қайта тиклашга тўсқинлик қилаётган барча тўсиқларни олиб ташлашга ваъда берган эдим ва жуда яқин вақт ичида сиз ниҳоят буни амалга ошира оласиз. Бизда Сурияга сармоя киритишга тайёр турган америкалик компаниялар бор ва улар мамлакатингизни ҳар қачонгидан ҳам буюкроқ ва фаровонроқ қилишга ёрдам беради”, деб ёзган Трамп.

Сурия 1979 йилдан буён АҚШнинг терроризмни қўллаб-қувватловчи давлатлар рўйхатида бўлиб келмоқда. Ушбу мақом мамлакатга нисбатан хорижий ёрдам, мудофаа экспорти, молиявий операциялар ва инвестициялар бўйича қатор чекловларни келтириб чиқарган эди. Агар Вашингтон мазкур қарорни расман тасдиқласа, Суриянинг халқаро молия тизимига қайтиши, хорижий инвестициялар оқими ва урушдан вайрон бўлган инфратузилмани тиклаш жараёни сезиларли даражада тезлашиши мумкин. Аммо бунга Суриянинг ўзи тайёрми деган савол ҳануз сўроқ остида қолмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, Сурияда ҳали вазият тўла ўнгланмаган бўлса-да, аш-Шара маъмурияти аста-секин халқаро майдонда ишонч қозонмоқда. Аммо бу яхши муносабатлар қачонгача давом этади, ҳали номаълум.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг