Нурсултон Рўзибоев ўзи ҳақида “фейк” хабарлар тарқалаётганини маълум қилди
Спорт
−
24 Июль 2023
13739Нурсултон Рўзибоев Тошкентда ўтказиладиган бокс оқшомида жанг қилмайдиган бўлди. Бу ҳақда спортчининг ўзи QALAMPIR.UZ'га маълум қилди.
Унга кўра, спортчи ҳақида эълон қилинаётган барча хабарлар ёлғон ва улар Рўзибоевнинг иштирокисиз тарқатилмоқда. У UFC ташкилотининг расмий аъзоси сифатида промоушеннинг рухсатисиз ҳеч қандай профессионал жангларда иштирок эта олмайди.
“Жанг юз фоиз бўлмайди, тарқалаётган ҳамма хабарлар ёлғон. Мен ҳали UFC билан ҳам, менежерларим билан ҳам гаплашганим йўқ. Булар менинг розилигимсиз постерларни эълон қилиб юборди. АҚШдаги вакилларим бунга кескин норозилик билдирмоқда“, дейди Рўзибоев.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рўзибоев 30 июль куни Тошкент шаҳрида ташкил этиладиган профессионал бокс оқшомида рингга чиқиш таклифини олгани ҳақида хабар берилган эди. Ўша куни унга грузиялик боксчи Михаил Кутсишвили рақиблик қилиши айтилганди. Бироқ кейинчалик айрим норасмий манбалар унинг рақиби ўзгаргани, эндиликда Нурсултонга россиялик боксчи Сергей Горохов (13-6-2) рақиб сифатида кўрсатилаётганини маълум қила бошлади.