Нурсултон Рўзибоев Борральога қарши жанги нима сабабдан бекор қилинганини очиқлади
Спорт
−
12 Октябрь 2023
5290Аввалроқ, ўзбекистонлик UFC жангчиси Нурсултон Рўзибоевнинг 4 ноябрдаги жанги бекор қилингани ҳақида хабар берган эдик. QALAMPIR.UZ мазкур хабар юзасидан спортчининг ўзи билан боғланиб, бунга нима сабаб бўлганига ойдинлик киритди.
Рўзибоевнинг маълум қилишича, у жорий йилнинг 26 сентябрь куни машғулот жараёнида оёғидан жиддий жароҳат олиб, шифокорга мурожаат қилишга мажбур бўлган. Шифохонада эса спортчининг оёғи гипсланган.
“Жароҳат олганимни эшитишганидан сўнг телефон қилиб жанг бекор қилинишини айтишди, биз эса тикланиш учун бироз вақт сўрадик. Орадан 10 кунча вақт ўтгач, шифокор ҳали гипсни ечишга эрта эканини маълум қилди. Шу билан жароҳатдан икки ҳафта ўтиб ҳам оғриқлар борлигини ҳисобга олган ҳолда жангни бекор қилишга мажбур бўлдик. Гувоҳи бўлаётганингиздек, бир-икки кун ичида кўп нарса ўзгариб кетиши мумкин”, дейди Нурсултон.
Спортчининг қўшимча қилишича, ҳозирда жароҳат тўлиқ битган ва секин-аста мустақил ҳаракатланишни бошлаган.
“Насиб қилса тўлиқ тикланиб, кейинги жангларга тайёргарликни бошлайман, хавотир олган ҳаммага раҳмат”, дейди у.
Маълумот учун, Рўзибоев бунга қадар 43 марта октагонга кўтарилиб, 35 та жангида ғалаба қозонган, 8 та баҳсда эса рақибларига имкониятни бой берган. Унинг UFC'даги натижаси 1-0 ва Рўзибоев промоушендаги илк жангида бразилиялик ММА'чи Бруно Феррейра билан жанг қилиб, уни нокаутга учратган эди.
LiveБарчаси