Нурсултон Назарбоев шифохонага ётқизилди
Олам
−
20 Январь 2023
13187Қозоғистоннинг собиқ Президенти Нурсултон Назарбоев Остонадаги шифохоналардан бирига ётқизилди. Шифокорларнинг айтишича, юрак операцияси бўлиши мумкин. Бу ҳақда Қозоғистон медиа менежери Александр Аксютицга таяниб, “KNEWS” хабар берди.
Александр Аксютиц собиқ Президент Нурсултон Назарбоевнинг касалхонага ётқизилиши ва унинг мумкин бўлган операцияси ҳақида маълум қилди.
“Менинг манбаларим Нурсултон Назарбоевнинг Остонадаги шифохоналардан бирига ётқизилганини айтди. Унинг юраги кенг қамровли текширувидан ўтказилади. Тиббиёт ходимларининг айтишича, жарроҳлик амалиёти қилиниши мумкин”, деб ёзди Аксютиц жума куни ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, Нурсултон Назарбоев 2019 йил март ойида Қозоғистон Президенти лавозимини Қосим-Жомарт Тўқаевга топшириб, Элбоши рутбасини олган эди. Шундан сўнг Хавфсизлик Кенгашини бошқариб келаётган Нурсултон Назарбоев Қозоғистондаги намойишлар авж олиши фонида Хавфсизлик Кенгаши бошқарувини ҳам қўш-қўллаб Президент Тўқаевга топширди.
Орадан деярли 3 йил ўтиб, жорий йилнинг 12 январь куни Нурсултон Назарбоевга илгари берилган фахрий сенатор мақоми парламент регламентидан олиб ташланди. 13 январь куни Қозоғистон парламенти депутатлари палаталарнинг қўшма мажлисида “Қозоғистон Республикасининг биринчи президенти – Элбоши тўғрисида”ги қонунни бекор қилди. Шундай филиб, Назарбоев Элбоши унвонидан ва алоҳида ҳуқуқларидан мосуво қилинди.
17 январь куни эса Қозоғистон ҳукумати маданият соҳасида бериладиган давлат стипендияси номидан республиканинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев номини олиб ташлади.
LiveБарчаси