Эроннинг янги Президенти инаугурациясида Ўзбекистондан ким қатнашиши маълум бўлди
Жамият
−
05 Август 2021
5947Аввал хабар берганимиздек, бугун 5 август куни Эрон Ислом Республикасининг янги сайланган Презденти Иброҳим Раисий қасамёд қабул қилиб, расман лавозимга киришади. Ўзбекистон номидан мазкур маросимда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов иштирок этади.
Айни вақтда Теҳронда бўлиб турган Қонунчилик палатаси Спикери Нурдинжон Исмоилов бошчилигидаги парламент делегацияси Эрон Ислом Республикасининг янги сайланган Президенти Иброҳим Раисий билан учрашди.
Учрашувда Эрон давлат раҳбари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан унинг сайловлардаги ғалабаси муносабати билан йўллаган самимий табриги учун ўз миннатдорлигини билдирди. Учрашув чоғида бундай юксак эътибор ва эътироф икки давлат ўртасидаги муносабатларни янги босқичда давом эттириш учун муҳим омил бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.
Мулоқотларда Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги кўп томонлама алоқаларни изчил ривожлантириш, савдо-иқтисодий, ижтимоий-маданий соҳалар қатори парламентлараро ҳамкорликни янада чуқурлаштириш юзасидан фикр алмашилди.
Иброҳим Раисийнинг таъкидлашича, Эрон расмий доиралари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган минтақа давлатлари билан ўзаро ҳурмат, дўстлик ва биродарлик тамойилларига асосланган яқин қўшничилик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилган ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди.
Шунингдек, Эрон Президенти Тошкент ва Теҳрон ўртасида йўлга қўйилган халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасида, жумладан, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлик алоқаларига ижобий баҳо берди.
Иброҳим Раисий фикрига кўра, Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар мамлакатнинг ижтимоий ҳаётида парламент ролини ниҳоятда кучайтирди. Келгусида икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар йўналишлардаги ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлашда парламентлараро муносабатлар муҳим ўрин тутади.
Самимий мулоқот чоғида Ўзбекистон-Эрон муносабатларини янада ривожлантириш, иқтисодий ҳамкорликни томонларнинг мавжуд салоҳияти даражасига олиб чиқиш, бу борада, айниқса, парламентлараро алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга доир масалаларга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ экани таъкидланди.
Маълумот учун, бугун, 5 август куни Раисийнинг қасамиёд маросими (инаугурацияси) бўлиб ўтади.
LiveБарчаси