Нурафшонда ҳомиладор аёл боласи билан ўлиши ортидан ССВ тилга кирди
3-саҳифа
−
14 Июль 2023
13168Аввалроқ, бугун, 14 июль куни Тошкент вилояти Нурафшон шаҳридаги туғруқхонада 30 яшар ҳомиладор аёл чақалоғи билан вафот этгани ҳақида хабар берган эдик. Соғлиқни сақлаш вазирлиги мазкур ҳолат бўйича расмий баёнот эълон қилиб, аёл муассасага олиб келинганида аҳволи ўта оғир, териси рангпар, совуқ тер босган, артериал қон босими 70/40 мм симоб устунига тенг, тана ҳарорати 39,5 даража, тананинг шиллиқ қаватлари кўкимтир рангда, карахт ва саволларга аниқ жавоб бера олмайдиган ҳолатда бўлганини иддао қилди.
Айтилишича, “Гулобод” МФЙда яшовчи 1993 йил 28 февралда туғилган аёл Нурафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасининг туғуруқ бўлимига бугун, 14 июль куни соат 06:45 да олиб келинган.
Вазирликка кўра, қабул вақтида унга “Ҳомиладорлик-2”, 38 ҳафта туғуруқ, сепсис, I-II даражали септик шок” дастлабки ташхиси қўйилиб, зудлик билан реанимация бўлимига ётқизилган. Шундан сўнг навбатчи бригада акушер-гинекологлари ҳамда анестезиолог-реаниматолог томонидан барча зарур реанимацион муолажалар амалга оширишга киришилган.
“Дастлаб икки томонлама периферик вена, кейинчалик марказий вена катетерланиб, марказий веноз босим паст бўлганлиги учун шокка қарши, юрак-қон томир, нафас олиш тизимини қўллаб-қувватловчи тезкор чора-тадбирлар ўтказилган.
Шунингдек, бемор ўпканинг сунъий вентиляциясига ўтказилган. Бироқ марказий вена орқали бажарилган массив инфузион муолажалар ва жадал реанимацион терапияга қарамай, унинг гемодинамикаси тикланмаган.
Оқибатда соат 07:30 да беморда клиник ўлим ҳолати қайд этилган. Навбатчи анестезиолог-реаниматолог шифокорлар томонидан юрак-ўпка реанимацияси 40 дақиқа давомида олиб борилган, лекин юрак фаолияти тикланмаган. Оқибатда соат 08:10 да беморда биологик ўлим кузатилган”, дейилади ССВ баёнотида.
Билдирилишмча, ушбу ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Ҳозирда Нурафшон шаҳар прокуратураси томонидан аёлнинг ўлими ҳолати бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.