Нукусда инспектор ақли норасо кексанинг уйини ўзлаштириб, хотинига ҳадя қилди
3-саҳифа
−
19 Июнь
8561Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида профилактика инспектори ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилгани айтилмоқда. Мазкур ҳолат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, профилактика инспектори А.М. ўзига бириктирилган маҳаллада истиқомат қилувчи кекса ёшдаги О.Й.нинг яқин қариндошлари йўқлиги ва ақли норасолигидан фойдаланган. Гап шундаки, А.М кекса фуқаронинг мулкларини қўлга киритиш мақсадида, гўёки Й.О. жамоат жойларида юриш-туриш қоидаларини бузиб юргани тўғрисида 1-сон руҳий-асаб касалликлари шифохонаси раҳбарига билдиришнома ёзиб, мажбуран шифохонага жойлаштириб, уни уйидан чиқариб юборишга ва озодлигини чеклашга эришган.
Сўнгра, у О.Й.га қарашли турар жойга эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ордерни сохталаштириш орқали кадастр идораси ходими Ч.С. кўмагида қалбаки кадастр ҳужжатларини тайёрлаб, турар жойни ўзининг номига расмийлаштирган.
Профилактика инспектори жиноятларини яшириш мақсадида турар жойни турмуш ўртоғи О.Д.га ҳадя шартномаси орқали қайта расмийлаштириб, Й.О.нинг жуда кўп миқдордаги мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилган.
Шунингдек, инспектор жабрланувчининг ожизлигидан фойдаланган ҳолда қўлга киритган банк пластик картасидаги пул маблағларини ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган.
Бундан ташқари, у О.Й.нинг банкдаги омонат ҳисоб-рақамида сақланаётган жуда кўп миқдордаги пулларини банк ходимларини гўёки эгасига бериш учун олаётганига ишонтириб, қўлга киритган. А.М. юқоридаги жиноий ҳаракатлари натижасида қўлга киритган Й.О.нинг жуда кўп миқдордаги омонат пулларига опасининг номига Lacetti русумли автомашина харид қилиб, жиноий даромадларини легаллаштирган.
Тергов натижасига кўра, профилактика инспектори А.М.га Жиноят кодексининг 206-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 2-қисми “а” банди, 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 3-қисми, 169-моддаси (ўғрилик) 4-қисми “а” банди, 243-моддалари (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ҳамда кадастр идораси ходими Ч.С.га Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “а” банди, 228-моддаси 3-қисми ва 28, 169-моддаси 4-қисми “а” банди билан айб эълон қилиниб, жиноят иши суд муҳокамасига юборилган.
Бироқ Нукус шаҳар суди судьяси жорий йил 6 июндаги ҳукмига асосан тергов органи томонидан А.М.га Жиноят кодексининг 169, 228, 243-моддалари билан қўйилган айбловларни асоссиз равишда олиб ташлаб, Жиноят кодексининг 206-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топиб, 2 йил муддатга муайян ҳуқуқдан маҳрум қилган ҳолда, 2 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинлаган.
Худди шундай, кадастр идораси ходими Ч.С.нинг айбловидан Жиноят кодексининг 228-моддаси 3-қисми ва 28,169-моддаси 4-қисми “а” банди олиб ташланиб, Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топилган.
Бундан ташқари, суд ҳукми билан терговда жабрланувчи О.Й.нинг сохта ҳужжатлар асосида бегоналаштирилган турар жойи талон-торож этилиши оқибатида етказилган зарарни қоплаш мақсадида ундирилган 180 миллион 50,7 минг сўм пулларни судланувчига қайтариб бериш белгиланган.
“Прокуратура органлари томонидан апелляция муддатида иш ҳужжатлари ўрганилиб, мазкур суд ҳукми рўйи-рост асоссиз, адолатсиз ва ноқонуний деб топилиб, суд қарорини бекор қилиш ҳақида протест келтирилди. Иш апелляция инстанцияда кўрилишида, малакали прокурор иштироки таъминланади”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси