Нукусда ҳақини ололмаган аёллар автомобиль йўлини тўсиб қўйди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Нукус шаҳрида бир гуруҳ аёллар автомобиль йўлини тўсиб қўйгани акс этган сурат тарқалди. Улар жамаот ишида қатнашган хотин-қизлар экани ва уларга меҳнат ҳақи ўз вақтида тўланмаганлиги ҳам айтилди.

Мазкур ҳолат юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари  вазирлигининг расмий муносабат билдирди.

Вазирлик ўтказган тезкор ўрганиш натижасида аниқланишича, жорий йил ноябрь ойида “Темир дафтар”га, “Аёллар дафтари”га киритилган камбағал оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг бандлигига кўмаклашиш мақсадида Нукус шаҳрида 1 184 нафар ишсиз фуқаро қўшимча равишда маҳалла фуқаролари йиғинлари буюртмасига асосан жамоат ишларига жалб этилган ва уларга 817 миллион сўм иш ҳақи ҳисобланган.

“Амалдаги тартибга мувофиқ, буюртмачи – иш берувчи томонидан жамоат ишларида бажарилган иш ҳажми тўғрисида далолатнома, жамоат ишига қатнашганлигини тасдиқловчи қайднома (табель) тақдим этилганидан сўнг мазкур ҳужжатлар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан кўриб чиқилиб, Жамоат ишлари жамғармасидан қўшимча маблағлари молиялаштирилиб берилади.

Юқоридаги ҳолат юзасидан тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш, уларни ўз вақтида кўриб чиқиш ва молиялаштиришда мутасадди ходимлар томонидан ўз вақтида ҳал қилинмаганлиги сабабли Жамоат ишлари жамғармаси томонидан пул маблағлари жорий йил 5 декабрь куни ўрнига 15 ва 17 декабрь кунлари ўтказилган”, дейилади вазирлик баёнотида.

Ҳозирги кунга кадар фуқароларга 226 миллион сўм иш ҳақи тўлаб берилди, қолган 591 миллион сўм маблағ Нукус шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан 18 декабрь куни тўлиқ тўлаб берилади.  

Таъкидланишича, ўрганиш якуни билан айбдор шахсларга нисбатан интизомий чоралар кўрилади. Маблағлар тўлиқ тўлаб берилгани ва айбдор мансабдор шасхларга чоралар кўрилганлиги тўғрисида маълумот кўшимча тақдим этилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Нукус

Баҳолаганлар

154

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг