Нукус воқеаларида айбланган Тажимуратов ҳибсхона ходимларига нисбатан эътироз билдирди – Омбудсман

Жамият

image

Кеча, 6 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари вакиллари томонидан Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 1-сон Тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи амалга оширилди. Бу ҳақда Омбудсман ахборот хизмати хабар берди. 

Маълум қилинишича, мониторинг ташрифи давомида ҳибсхонада сақланаётган шахсларнинг Жиноят-ижроия кодекси ва “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги қонунда белгиланган ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланаётгани ўрганилган.

Ўрганиш давомида ҳибсхонада бир қатор камчиликлар мавжудлиги, жумладан, айрим камераларда санитария-гигиена ҳолати талаб даражасида эмаслиги, сақланаётган шахсларга сайр учун етарли вақт берилмаётгани ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш бўйича айрим эътирозлар билдирилган.

Маълумки, 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳридаги оммавий тартибсизликларни содир этганликда айбланган 22 нафар шахсга нисбатан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилмоқда. Шу боис, 22 нафар айбланувчидан қамоқ эҳтиёт чораси танланганлари ушбу ҳибсхонада сақланмоқда.

Мониторинг ташрифи давомида ушбу айбланувчилар сақланаётган камераларга, хусусан Даулетмурат Тажимуратов сақланаётган камерага ҳам ташриф буюрилиб, улар билан жамоавий ва якка тартибда ҳоли тарзда суҳбатлар ўтказилган. 

“Унда ҳибсхонадаги сақлаш шароитлари ва озиқ-овқат таъминотидан эътирозлари йўқлигини маълум қилишди. Д.Тажимуратов ҳам адвокати ва ҳимоячиси билан учрашувларга рухсат берилаётганини, бироқ ҳибсхона ходимлари унга ҳуқуқ ва мажбуриятларини етарли даражада тушунтиришмаганликлари, шу боис ҳибсхона ходимларига нисбатан айрим эътирозларини билдириб ўтди”, дейилади хабарда.

Олинган маълумотларга кўра ва кўздан кечирилган ҳужжатларга асосан Тажимуратов 1-сон Тергов ҳибсхонасига олиб келинганидан сўнг ташриф кунига қадар ҳимоячиси, яъни укаси Ренат Тажимуратов билан 7 маротаба ва адвокати Сергей Майоров билан 2 маротаба ҳоли тарзда учрашган.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳридаги оммавий тартибсизликларни содир этганликда айбланган Давлетмурат Тажимуратов 16 йилга озодликдан маҳрум этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Омбудсман ҳибсхона Тажимуратов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг