Нукус воқеаларида айбланган Лолагул Каллихонова озодликка чиқарилди

3-саҳифа

image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 31 январь куни Бухорода 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳридаги оммавий тартибсизликларни содир этганликда айбланаётган 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд бўлиб ўтди ва суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар берди.

Суд ҳукмига кўра, Лолагул Каллихоновага тайинланган жазо 3 йил синов муддати билан шартли деб белгиланиб, суд залида қамоқдан озод қилинди.
У Жиноят кодексининг 159-моддаси 4-қисми, 244-моддаси 3-қисми ва 244-1-моддаси 3-қисми “а”, “б”, “г” бандларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, ЖКнинг 59-моддаси тартибида 8 йил озодликдан махрум қилиш жазосига судланди. ЖКнинг 62-моддасига асосан дастлабки қамоқда ўтирган 6 ой 24 куни тайинланган жазодан чегирилиб, ўташ учун 7 йил 5 ой 6 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси қолдирилиб, ЖКнинг 72-моддаси қўлланилди. 

Суд жараёнида ҳам ҳар бир айбланувчининг эътирозлари, таклифлари, мурожаатлари инобатга олинган. Суд жараёнлари тўлиқ жамоатчилик назорати остида, халқаро ҳамжамият кўз ўнгида очиқ кўриб чиқилди.

Маьлумки, Конституциямизнинг 18-моддасида Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенг эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган. Шунга асосан, “Қорақалпоқ воқеалари”га алоқадор шахсларга нисбатан инсонпарварлик тамойили қўлланилишига эришилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 12 январь куни  Бухоро вилоят судида Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликлар бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят иши бўйича суд жараёни бўлиб ўтганди. Судда оммавий тартибсизликлар ташкилотчиси Даулетмурат Тажимуратовга 18 йил, Лолагул Каллихановага 11 йилга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши сўралганди.

Маълумот учун, 2022 йилнинг 28 ноябрь куни 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликларга доир жиноят иши юзасидан Бухоро вилоят судида суд жараёни бошланганди. 

Дастлабки тергов органининг айблов хулосасига кўра, судланувчилар Д. Тажимуратов, Л. Каллиханова, А. Турданов, А. Сметуллаев, Д. Жиемуратов, Б. Кадирбергенов, Б. Сейтниязов, А. Тоқимбетов, Қ. Сейтимов, А. Нуратдинов, С. Медетов, Н. Найипов, П. Шамшетов, Р. Бекмуратов, С. Каипов, Б. Генжебаев, С. Калилаев, П. Нурниязов, С. Калимов, Н. Султамуратов, А. Темирханов ва А. Адилбеков Жиноят кодексининг 28,104, 104, 159, 164, 167, 227, 243, 244, 244-1, 247 ва 277-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг