Ноябрь ойида қандай об-ҳаво бўлади?
Жамият
−
01 Ноябрь
27362Ўзгидромет ноябрь ойида кузатиладиган об-ҳаво прогнозларини эълон қилди.
Унга кўра, ноябрь ойида ўртача ҳаво ҳарорати октябрь ойига нисбатан 6-7 даражага, шимолда ва чўл ҳудудларда 8-9 даражага паст бўлади.
Ноябрь ойи куз фаслининг бошидан фарқли даражада ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариб туриши билан ажралиб туради. Ойнинг биринчи ярмида ўртача кўп йиллик кундузги ҳарорат 15-20 даража илиқни (баъзан 22-27 даражагача), ойнинг иккинчи ярмида эса 10-15 даража илиқни ташкил этади.
Метеорологик кузатувларнинг барча қаторлари учун мутлақ максимал ҳарорат 30-33 даража илиқни, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилояти ва Фарғона водийсида 26-28 даража илиқни ташкил этади.
Ўтган асрнинг ўрталаригача бўлган давр учун энг совуқ ноябрь ойларида ҳаво ҳарорати 19-24 даража совуққача, шимолда 25-27 даража совуққача, энг чекка жанубда 10-15 даража совуққача пасайган.
Сўнгги йилларда ноябрь ойида бундай қаттиқ совуқлар кузатилмади. Ушбу асрда энг паст ҳарорат 10-15 даража совуқни, шимолда 20-25 даража совуқни, Устюртда 26-28 даража совуқни ташкил этган.
Тоғли ҳудудларда биринчи қор қоплами шаклланади. Пастки қатламларда қор қоплами беқарор бўлади, 2000 метрдан юқори бўлган баландликларда эса қор қопламининг баландлиги ой охирига 25-40 см га етади. Бу йил ноябрь ойи иссиқ ва асосан қуруқ об-ҳаво билан бошланади.
Республика бўйича 1-3 ноябрь кунларида асосан ёғингарчиликсиз об-ҳаво кузатилади, фақат 2 ноябрда Тошкент вилоятининг айрим жойларида кечаси ва эрталаб бироз ёмғир ёғиши мумкин. Ҳаво ҳарорати аста-секин кўтарилади. 3 ноябрга келиб, кундузи ҳаво 20-25 даража илиққача исийди.
4 ноябрдан Ўзбекистон ҳудудига нам ва совуқ ҳаво массаларининг кириб келиши бошланади. Республика ҳудудлари бўйича ёмғир ёғади. Кундузги ҳаво ҳарорати Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 10-15 даража илиққача пасаяди, республиканинг қолган ҳудудларида эса илиқ об-ҳаво сақланиб туради.
5 ноябрдан нам ва совуқ ҳаво массалари Ўзбекистоннинг барча ҳудудларига тарқалади.
Совуқ ҳарорат фонида 5-8 ноябрь кунлари республиканинг барча вилоятларида, 9-10 ноябрда шарқий ҳудудларда вақти-вақти билан ёмғир ёғади (тоғларда ёмғир қорга айланади), баъзи жойларда кучли бўлади.
Ҳаво ҳарорати аста-секин пасаяди ва биринчи ўн кунликнинг охирига келиб, ҳарорат кечалари 3-8 даража илиқни, кундуз кунлари 7-12 даража илиқни ташкил этади.
Ноябрь ойининг иккинчи ва учинчи ўн кунликларида ҳарорат кечалари 3-8 даража илиқдан 0-5 даража совуққача, кундуз кунлари 10-15 даража илиқдан 3-8 даража илиққача ўзгариб туриши кутилмоқда. Кундузги ҳарорат 17-20 даража илиққача кўтарилишида илиқ об-ҳаво даврлари кузатилиши эҳтимоли бор.
Иккинчи ва учинчи ўн кунликларнинг айрим кунларида асосан ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда.
LiveБарчаси