“Нота бериш билан чекланяпсизлар”. Президент мигрантлар масаласида ТИВдагиларни койиб берди
Жамият
−
15 Январь 18639 2 дақиқа
Хорижий мамлакатларда меҳнат фаолияти билан шуғулланаётган ўзбекистонликларга нисбатан бўлаётган ғайриинсоний ҳаракатлар, рейд тадбирларига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги нари борса нота бериш билан кифояланмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 15 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолияти юзасидан ўтказаётган видеоселектор йиғилишида сўз очди.
Йиғилишда қайд этилишича, фуқароларнинг хорижий давлатларда ўтказилаётган турли рейдларда ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликда жиддий норозилик уйғотмоқда. Аксарият ҳолатларда эса Ташқи ишлар вазирлиги расмий нота бериш билангина чекланиб қолмоқда.
“Элчи ва консуллар ҳар бир ҳолат юзасидан малакали юридик ёрдам кўрсатиб, хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши шарт”, дейди Президент.
Бундан ташқари, хориждаги ёшлар ёки талабаларнинг турли оқимларга қўшилиб қолаётгани барчани жиддий ташвишга солиши кераклиги урғуланган.
Бундан буён элчилар “кабинет дипломатияси”дан воз кечиб, хориждаги ватандошлар ишлаётган қурилиш майдонига, ётоқхонага, талабалар аудиториясига бориб, уларнинг муаммосини ўрганиб, ечими бўйича ишлаши шартлиги қайд этилди.
Мутасаддиларга хорижда оғир вазиятга тушиб қолган фуқаролар учун бепул колл-марказ ташкил этиб, мурожаатларини тегишли вазирликлар билан тезкор ҳал қиладиган тизим яратиш топширилди.
“Хорижда ноқонуний бўлиб турган фуқароларимиз борлиги бизни ташвишга солади”, дейди давлат раҳбари.
Йиғилишда ўтган йили Россияда 150 мингдан зиёд фуқарога “миграция амнистияси”ни қўллашга эришилгани эътироф этилган. Бошқа мамлакатларда ҳам ўзбекистонликларга қонуний асосда ишлашларига кўмаклашиш, бу борада хорижий томонлар билан музокараларни фаоллаштириш, шу билан бирга фуқаролар ҳам ўзлари бўлиб турган мамлакат қонунчилиги талабларига риоя қилиши лозимлиги қайд этилди.
Бундан буён миграция оқими кўпайиб бораётган давлатлар, айниқса, Европада меҳнат мигрантлари билан ишлаш элчихоналардаги консулларнинг асосий вазифаси бўлиши белгиланди.
Шунингдек, чет элдаги фуқароларни консуллик ҳисобига қўйиш тартибини янада соддалаштириш, ортиқча бюрократияни қисқартириш вазифаси топширилди.
Live
Барчаси