Норвегия ҳам Россияга қарши санкцияларга қўшилди

Олам

image

Норвегия ҳукумати Украинадаги уруш туфайли Европа Иттифоқи Россияга қарши жорий қилган санкцияларига қўшилди. Бу ҳақда мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги хабар берган. 

Қайд этилишича, Норвегия санкциялари Россия иқтисодиётининг молия, энергетика, транспорт, технология ва мудофаа соҳаларига, шунингдек юзлаб россияликлар ва ташкилотларга таъсир қилади. 

Хабарда таъкидланишича, чекловлар ЕИ томонидан 9 мартгача жорий қилинган чора-тадбирларига мос келади, бироқ “Russia Today” ва “Sputnik” сайтлари бундан мустасно. 

Норвегия Ташқи ишлар вазири Анникен Хюитфельд эълон қилинган чораларни шарҳлар экан, бу “Норвегия жорий этган энг йирик санкциялар пакети” эканлигини таъкидлаган. 

Эслатиб ўтамиз, Ғарб мамлакатлари Украинада бошланган урушга жавобан Россияни ҳар томондан сиқувга олиб, оғир санкцияларни қўллай бошлади. Рубль курси қулади, Россия банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. Марказий банкнинг хориждаги олтин-валюта захиралари блокланди. Миллардерларнинг ҳам чет элдаги кўплаб ҳисоблари музлатилди.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 

Бундай санкцияларга Россия ҳам жим қараб турмаяпти. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги кеча, 15 март куни АҚШга қарши жавоб санкцияларни эълон қилди. Москва “қора рўйхат”га АҚШ Президенти Жо Байден, Давлат котиби Энтони Блинкен, Мудофаа вазири Ллойд Остин, АҚШ Президентининг ўғли Хантер Байден ва бошқаларни киритган.

Россияга қарши санкциялар жорий этиш давом этмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

139

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг