Норозиликлар Эронда режимни ўзгартира оладими? Расмий Теҳрондан садо чиқди
Олам
−
28 Сентябрь 2022
8925Эрондаги норозилик намойишлари мамлакатда режим ўзгаришига олиб келмайди. Бу ҳақда Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир Абдуллоҳиан маълум қилди.
Вазирнинг сўзларига кўра, кўплаб норозилик намойишлари хориж матбуоти ва хориж ташвиқотининг маҳсулидир.
“Эронда ҳеч қандай режим ўзгармайди. Эрон халқининг ҳис-туйғулари билан ўйнашманг”, дейди у.
Абдуллоҳиан Маҳса Аминининг ўлими жиддий текширилганига ишонтириб, Президент Иброҳим Раисий марҳумнинг оиласига шахсан қўнғироқ қилганини эслатган.
“Эронликлар ҳиссиётли одамлар, уларнинг ҳис-туйғулари покиза, воқеадан кейинги дастлабки соатларда улар тинч йўл билан норозилик билдиришди, энди ҳамма тергов тугашини кутмоқда. Аммо шу билан бирга, сунъий йўлдош каналлари, баъзи веб-сайтлар каби Эронда одамларни кўчага чиқишга ва зўравонликка ундаган баъзи ташқи элементлар бор эди ва шунинг учун намойишлар зўравонлик ва тартибсизликларга айланди”, дейди ТИВ раҳбари.
Абдуллоҳианнинг сўзларига кўра, агар АҚШ ҳақиқатан ҳам Эрон халқи ҳақида қайғурса, улар санкциялар туфайли минглаб эронлик болалар ҳалок бўлганига қарашлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 сентябрь куни Эронда ахлоқ полицияси томонидан нотўғри ҳижоб кийгани учун ҳибсга олинган 22 ёшли талаба Маҳса Амини вафот этди. Унинг вафотидан сўнг мамлакатда норозилик намойишлари бошланди.
Норозилик сифатида бутун мамлакат бўйлаб аёллар ҳижобни ёқиб, сочларини кесмоқда. Ушбу норозилик дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам акс-садо бермоқда.Намойишчилар кўчаларни тўсиб, хавфсизлик кучларига тош отди, полиция машиналари ва ахлат қутиларига ўт қўйди, ҳукуматга қарши шиорлар айтишди.
Амини ўтган ҳафта пойтахтда Эрон ахлоқ полицияси томонидан аёлларнинг сочларини ҳижоб ёки рўмол, қўл ва оёқларини кенг кийим билан ўрашни талаб қилувчи қонунни бузганликда айбланиб ҳибсга олинган эди.
Қўлга олинганидан уч кун ўтгач, Амини вафот этди. Расмийларга кўра, ўлимга "юрак етишмовчилиги" сабаб бўлган. Аммо марҳумнинг қариндошлари қизнинг юрагида ҳеч қачон муаммо бўлмаганини даъво қилмоқда. Улар жабрланувчини калтаклаш оқибатида вафот этган, деб тахмин қилмоқда.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари вазифасини бажарувчи Нада Ал-Нашиф Амини полиция томонидан калтаклангани ҳақидаги хабарларга ишора қилди.
Америка Қўшма Штатлари ўтган ҳафта ҳибсга олингандан кейин вафот этган эронлик Маҳса Амини ўлими сабабли Эроннинг ахлоқ полициясига қарши санкциялар киритди.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси