Норози беморлар ССВга тўпланди. Улар қандай “бостирилди”?

Жамият

image

Соғлиқни сақлаш вазирлиги биноси олдида буйрак ва жигар трансплантация амалиёти ўтказилган бир гуруҳ фуқароларнинг тўпланди. Улар операциядан сўнг мунтазам қабул қиладиган дори воситалари етказиб берилишида узилишлар бўлаётгани, борлари ҳам дорихонларда қиммат нархда сотилаётгани ортидан ССВга тўпланган. 

Соғлиқни сақлаш вазирлигидан хабар қилинишича, вазир Беҳзод Мусаев норози бўлиб йиғилган фуқаролар қаршисига чиққан. 

ССВдан маълум қилишларича, ҳозирги кунда мамлакатда буйрак ва жигар кўчириб ўтказилган 1500 нафардан ортиқ бемор рўйхатда бўлиб, уларга керакли дори воситаларининг ўз вақтида етказиб берилиши қатъий назоратга олинган ва етарли даражада дори захиралари шакллантирилган.

Бироқ айрим тоифадаги беморларга тавсия этилган препаратларнинг бир қисми хориждаги нуфузли фармацевтика компаниялари томонидан ишлаб чиқарилиши боис бундай препаратларни Ўзбекистонга олиб келишда вақтинчалик қийинчиликлар кузатилмоқда. 

Учрашув давомида вазир Мусаев мазкур муаммони зудлик билан ижобий ҳал этиш юзасидан масъулларга шошилинч кўрсатмалар бергани айтилмоқда. Хусусан, ушбу масалага тезкор ечим топиш мақсадида вазирликда махсус штаб ташкил этилиб, унинг таркибига тегишли мутахассислар, жумладан, вазирлик бош нефрологи, нефрология маркази шифокорлари, фармакологлар, иқтисодчилар киритилган.

“Штаб томонидан беморларга зарур дори воситаларининг ўз вақтида етказиб берилишини таъминлаш бўйича муддат масалаларини ҳал этиш, дори харидлари юзасидан фармацевтика компаниялари билан мулоқот қилиш ва бу орқали муаммоларга самарали ечим топиш чоралари кўрилади.

Шунингдек, учрашувда беморларга янада қулайлик яратиш мақсадида ҳудудларда иммунологик таҳлилларни топширишга мўлжалланган махсус лабораториялар ташкил этилиши ва биокимёвий анализаторлар ўрнатилиши масаласи ҳам ижобий ечим топиши таъкидланди.

Бундан ташқари, 1500 нафардан ортиқ беморга қандай дори препаратлари қанча миқдорда зарурлиги бўйича рўйхат шакллантирилиши, уларни харид қилишнинг қисқа ва узоқ муддатли механизми яратилиши белгиланди”, дейилади ССВ тарқатган хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

ССВ

Баҳолаганлар

438

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг