“Норманд шакли”даги саммит: Путин ва Зеленский нимага келишдию, нимани бўлишолмади?

Олам

image
Путин билан яккама-якка учрашманг — Порошенко north_east

Путин билан яккама-якка учрашманг — Порошенко

Кеча, 9 декабрь куни Франция пойтахти Парижда “норманд тўртлиги” учрашуви бўлиб ўтди. Унда Россия Президенти Валидимир Путин, Германия канцлери Ангела Меркель, Украина Президенти Владимир Зеленский ва Франция Президенти Эммануэль Макрон қатнашди.

Учрашув тахминан 8 соат давом этди. Орада эса Путин ва Зеленский суҳбати учун тўрт раҳбарнинг суҳбатида узилиш бўлди.

Россия ва Украина саммитда йил якунигача барча асирлани алмашишга келишиб олди. Шунингдек, кейинги учрашув 4 ойдан кейин ўтказилиши белгиланди.

Саммит якунида давлат раҳбарлари коммюника имзолади. Ҳужжат можароли ҳудудда барқарорликка эришиш учун кечиктирилмайдиган чоралар, Минск келишувидаги сиёсий ҳолат бўйича чораларни амалга ошириш ва музокараларни давом эттириш каби қисмлардан иборат бўлди.

Ҳужжатда йил охиригача, фақатгина Россия ва Украина эмас, тан олинмаган Донецк халқ республикаси (ДХР) ва Луганск халқ республикаси (ЛХР) ҳам ўзаро асирларни алмашиши кераклиги белгилаб қўйилди.

Саммитда ҳарбийларни фронт чизиғидан ортга қайтаришга келишишнинг иложи бўлмади. Бошқа ҳарбий-сиёсий жараёнлар бўйича ҳам ўсиш даражаси яхши эмас. Томонлар қайси шартларда Украина Россия билан чегарадаги ҳудудлари устидан назоратни қайтариб олиши мумкинлигига келиша олмади. Путин ДХР ва ЛХР мақоми Украина Конституциясида белгилаб қўйилиши кераклигини айтди. Зеленский бунга жавобан Украинада федераллашув бўлмаслигини таъкидлади.

Саммитда Қрим масаласи муҳокама қилинмади. Украина Президенти бу масаланига тўхталиш ниятида эди, бироқ Кремль олдиндан бу борада гап-сўз бўлиши мумкин эмаслиги ҳақида огоҳлантирганди.

Энг асосийси газ муаммоси ҳам ўз ечимини топмади. Украинанинг “Нафтогаз” компанияси узоқ муддатли газ транзити эвазига Россиянинг “Газпром” компанияси устидан Халқаро судларга газ транзити қоидаларини бузганлик бўйича берган даъво аризаларидан воз кечмоқчи эмас. “Нафтогаз” ижрочи директори Юрий Витренконинг сўзларига кўра, томонлар “келишувни давом эттиришга келишган”. Агар жорий йил охиригача келишувга эришилмаса, 2020 йилдан Европага Россия газини етказиб бериш тўхтаб қолиши мумкин.

Тўрт ойдан кейин ўтказиш белгиланган учрашувнинг асосий мавзуси Донбассда маҳаллий сайловлар ўтказиш бўлади.

Учрашув якунида Зеленский ҳозирча у ва Путин ўртасида дуранг эканини айтди. “Бугун қандайдир ён беришлар бўлди, мен буни ҳис қилдим. Мен ким дипломат бўлиши керак билмайман, биз суҳбатни эндигина бошладик. Келинг ҳозирча дуранг бўлсин”, деди Украина Президенти.

Учрашувда бирор аниқ масала ўз ечимини топмаган бўлса-да, томонлар ундан мамнун бўлди. Макрон орадан 3 йил ўтиб бундай учрашув ўтказилишининг ўзи бир натижа эканига урғу берди. Путин эса Россия ва Украина ўртасида қандайдир “илиқлик” юзага келганини айтди. Меркель эса яхши ният ва ижобий муносабат борлигини қайд этди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина Норманд тўртлиги

Баҳолаганлар

139

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг