Норбоева Озарбайжон Президенти билан учрашди

Жамият 1690
image

Кеча, 17 декабрь куни Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Баку шаҳрида Туркий тилли мамлакатлар Парламент Ассамблеясининг ялпи мажлисида иштирок этмоқда. Бу ҳақда Сенат Матбуот хизмати хабар берди.

Шу куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева билан учрашди.

Президент Илҳом Алиев икки томонлама муносабатларнинг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболларига тўхталиб ўтди, Президент Шавкат Мирзиеёвнинг Баку шаҳрига амалга оширган ташрифи ва Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг саммитида  тўла ҳуқуқли аъзо сифатида иштирокига урғу берди. Баку шаҳрида  олий даражада бўлиб ўтган самарали музокараларга юқори баҳо берилиб, уларнинг амалий аҳамияти таъкидланди. Учрашувда озарбайжон томони эришилган келишувларни тўлиқ татбиқ этишга тайёрлиги изҳор этилди.

Шунингдек, суҳбат давомида икки мамлакат парламентлараро ҳамкорлигини янада ривожлантириш бўйича фикр алмашилди.

Президент Илҳом Алиев Ўзбекистон делегациясининг Туркий тилли мамлакатлар Парламент Ассамблеяси тадбирларида иштирок этишини қутлаб, бу Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши фаолиятида яна бир муҳим воқеа эканини таъкидлаб ўтди.

Учрашувда Туркий тилли мамлакатлар Парламент Ассамблеясининг тўққизинчи ялпи мажлиси муваффақиятли ўтишига ва унда муҳим масалалар муҳокама этилишига ҳамда яхши натижаларга эришилишига ишонч билдирилди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 26
Рейтинг: 3.2
t
×