Норбоева карантин секин-аста бекор қилинишини айтди
Жамият
−
07 Август 2020
22052Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 6-ялпи мажлиси давом этмоқда. Унда Сенат раиси Танзила Норбоева нутқ сўзлаб, айни кунларда бутун дунё халқларининг сабри синовдан ўтаётганини айтди.
“Бугун дунё халқлари оғир даврни бошидан кечирмоқда. Ҳеч бир давлат, ҳатто, энг қудратли мамлакатлар ҳам бундай вазиятга тайёр эмас эди. Коронавирус пандемияси инсонлар, соҳалар ва тизимлар учун жиддий синов бўлмоқда.
Умуман, бугун мамлакатимиз учун ностандарт иш жараёнларини, халқимиз учун ҳам ностандарт ҳаёт тарзини бошдан кечиришимизга тўғри келмоқда. Бизнинг ҳақиқий чидам, синовдан ўтишимиз жараёнларида бир нарсага ҳаммамизнинг ишончимиз комил бўляпти, яъни Ўзбекистонда мустаҳкам ишончли сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий замин яратилган бўлиб, у энг оғир вазиятлардан катта талафотларсиз чиқишга ёрдам бермоқда. Бугун давлатимиз ва жамиятимизнинг бор салоҳияти, ресурслари пандемияга қарши кураш ва унинг оқибатларини юмшатишга сафарбар қилинган”, дейди Норбоева.
Ўзбекистонда июль ойи бошларида коронавирус билан боғлиқ ҳолатлар авж олишни бошлади. Ўлим сони ортди, бундан ташқари одамлар тест топшира олмаётгани, бунинг оқибатида шифохоналарга жойлаша олмагани, вирус эса ўпка йўлларига ўтиб, пневмонияни келтириб чиқариб, бевақт ўлимга сабаб бўлаётганидан шикоят қилишни бошлади. Мамлакатда шифохоналарда койка танқислиги вужудга келди. Захира ўринлар яратилмагани кўплаб муаммоларни келтириб чиқарди. Президент Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни қаттиқ танқид қилди.
Бугун ўтаётган Сенат мажлисида эса Танзила Норбоева олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида кўплаб одамлар ҳаётини сақлаб қолишга эришилганини эътироф этди. (!)
“Бугун халқимиз буюк миллатларга ҳос матонат билан, кўрилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлаётганини, карантин чекловларининг ҳаётий зарурат эканлигини тушуниш билан қабул қилаётганини ва имконияти даражасида эҳтиёжмандларга амалий кўмаклашаётганини алоҳида эътироф этишимиз керак. Ишонамизки, фуқароларимиз бундан кейин ҳам ана шундай даҳлдорлик кайфияти билан карантин чораларига қатъий амал қилиб, ўзлари ва яқинлари саломатлигига янада масъулият билан қарайди”, дейди Норбоева.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси қарори билан 10 июлдан 31 июлгача карантин чоралари белгиланган эди. Карантин 15 августгача узайтирилди. Норбоева ўз нутқида пандемия қийинчиликлари тез орада ўтиши, одамлар яна нормал ҳаётга қайтиши ҳақидаги умидларини юзага чиқарди.
“Ҳозирги қийинчиликлар ўтишига ният қиламиз, албатта ўтади. Пандемия ҳам барҳам топади. Бироқ келгусида бу каби синовлар бўлмайди деб ҳеч ким кафолат бера олмайди. Шундай экан, барча соҳалардаги тартиб-таомилларни мана шундай вазиятларга мослаштиришимиз зарур деб ҳисоблаймиз. Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, биз яна шундай шароитда ҳам яшашга, ҳам ишлашга ўрганишимиз керак.
Эндиликда карантин чоралари босқичма-босқич бекор қилинади. Аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзи тўғрисидаги кенг тарғибот ишларини кучайтиришимиз, касалликка чалинганларни ишлаб чиқилган протоколлар асосида даволаш билан бирга нормал ҳаётга қайтаришимиз, яъни иқтисодиётимизни ривожлантиришимиз зарур. Бунда айниқса қонунларимизни такомиллаштириш биринчи галдаги вазифаларимиздан бири бўлиб ҳисобланади”, дейди Норбоева.
Сенат раисига кўра, пандемияга даврида вужудга келган муаммолардан келиб чиқиб, Сенат ҳузурида қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш учун Ишчи гуруҳ тузилган.
LiveБарчаси