Норбоева БМТнинг ЙҲХ бўйича махсус вакили билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 18 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Раиси Танзила Норбоева БМТ Бош котибининг ўринбосари, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича махсус вакили Жан Тодт билан учрашди.

Унда Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлиги масалалари, шунингдек бу соҳадаги ҳамкорлик қилиш, шу жумладан Ўзбекистоннинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича БМТ асосий конвенцияларига қўшилиши ва уларни амалга ошириши истиқболлари муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, йўл ҳаракати хавфсизлиги муаммоси тараққиётнинг глобал муаммоларидан бири ҳисобланади. Бу муаммо ҳар йили 1,35 млн. кишининг ҳаётига зомин бўлиб, 50 млн. кишининг турли даражада жиддий жароҳат олишига сабаб бўлмоқда. Йўл-транспорт жароҳати болалар ва ёшлар орасида ўлимнинг асосий сабаби ҳисобланади, катта ижтимоий ва иқтисодий оқибатларга олиб келади, бунинг натижасида кўпчилик мамлакатларда иқтисодий зарар ЯИМнинг 5 фоизигача етади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг 2018 йилдаги Глобал ҳисоботида таъкидланганидек, Ўзбекистон йўл хавфсизлиги соҳасидаги ишлар ҳолати бўйича Марказий Осиё мамлакатлари орасида етакчи ўринни эгаллайди: 100 минг кишига йўл-транспорт ҳодисаси туфайли ҳалок бўлган 11,5 киши тўғри келади.

Томонлар қайд этганларидек, Ўзбекистон БМТнинг йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича тўртта конвенцияси иштирокчиси ҳисобланади. Ушбу конвенциялар мамлакатнинг ишончли норматив-ҳуқуқий базасини ва йўл ҳаракати хавфсизлигининг комплекс миллий тизимларини яратишда ўз самарадорлигини исботлади.

Шу муносабат билан БМТ Бош котибининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича махсус вакили Ўзбекистон ҳукуматини йўл ҳаракати хавфсизлиги кўрсаткичларини яхшилашда қўллаб-қувватлашга тайёр эканини билдирди, шунингдек Ўзбекистонни БМТнинг бу соҳадаги яна бир қатор асосий конвенцияларига қўшилишга ва уларни муваффақиятли амалга оширишига чақирди.

Учрашув якунида томонлар бу соҳадаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида мулоқотни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева Сенат БМТ Жан Тодт

Баҳолаганлар

2

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг