Норбоева Алиевга Мирзиёевнинг саломини етказди

Жамият

image

Кеча, 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан учрашди. Айни кунларда хоним Норбоева амалий ташриф билан Озарбайжон Республикасида бўлиб турибди.

Президент Илҳом Алиев Танзила Норбоева бошчилигидаги делегациянинг Озарбайжоннинг атоқли давлат ва жамоат арбоби Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлисининг навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этаётгани, ушбу мамлакатнинг умуммиллий лидери хотирасига кўрсатилган ҳурмат-эҳтиром учун миннатдорлик билдирган.

У Президент Шавкат Мирзиёев билан биргаликда Ўзбекистонга ташрифи чоғида Ҳайдар Алиев ҳайкали ва унинг номи билан аталадиган боғнинг очилиши ҳам бу эҳтиромдан далолат эканини таъкидлаган.

Давлат раҳбари яқинда 30 йил арманлар мустамлакасида бўлган Фузули районига борганида бу ерда Ўзбекистон Президентининг ўзбек халқи совғаси сифатида барпо этилаётган мактаб қурилиши билан танишганини мамнуният билан маълум қилган.

Танзила Норбоева, аввало, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг саломи ва эзгу тилакларини Озарбайжон раҳбарига етказар экан, Ўзбекистон Президенти Озарбайжон билан стратегик шерикликка асосланган дўстона муносабатларни юксак қадрлашини, ушбу мамлакат Президентига қардошлик билан муносабатда эканини таъкидлаган. 

Озарбайжон Президенти салом ва самимий сўзлар учун миннатдорлик билдириб, Норбоевадан Шавкат Мирзиёевга саломини етказишни сўраган.

Илҳом Алиев Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларининг бугунги ҳолатига тўхталиб, улар изчил равишда стратегик шериклик даражасига кўтарилганини қайд этган.

“Ўтган йилнинг ўзида мен Ўзбекистонга 3 марта ташриф буюрдим. Бу биз учун мамлакатингиздан яқинроқ дўст йўқлигини яна бир бор тасдиқлайди”, деган у.

Шунингдек, Танзила Норбоева парламентлараро мулоқот икки томонлама ҳамкорликнинг муҳим таркибий қисмига айлангани, бундан буён ҳам икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг барча устувор йўналишлари бўйича ўзаро манфаатли шерикликни чуқурлаштириш учун парламентлараро алоқаларнинг барча имконият ва саъй-ҳаракатларини ишга солинишини айтган.

Учрашув давомида Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги қардошлик алоқалари истиқболли давом этиши муҳимлиги қайд этилиб, икки давлат ёшларини бирлаштиришга хизмат қиладиган махсус форум ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш таклифи илгари сурилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Озарбайжон Илҳом Алиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг