Ногиронлиги бор шахсларни ишга олганларга субсидия берилади

Жамият

image

Ўзбекистонда I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига 50 миллион сўмгача субсидия ажратилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 8 май куни қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонида сўз боради. 

Фармон билан асосий мақсадлар этиб қуйидагилар белгиланган:

  • ногиронлиги бўлган шахсларнинг самарали фаолият кўрсатиши учун махсус хизматлар тизимини жорий этиш;
  • ногиронлиги бўлган ёшларни замонавий касбларга ўқитиш, уларнинг меҳнат бозорига кириши учун қўшимча имкониятлар яратиш;
  • 2025 йил якунига қадар 80 минг нафар ногиронлиги бўлган шахснинг барқарор бандлиги ва муносиб даромад топишини таъминлаш.

2025 йил 1 июндан бошлаб:

  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларни ишга қабул қилган тадбиркорлик субъектларига 50 миллион сўмгача субсидия ажратилади;
  • субсидия сурдотаржимон, психолог ва ҳамроҳлик хизматини ташкил қилиш харажатларини қоплаш учун ажратилади;
  • жисмоний шахсларга ҳамроҳлик хизматини ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида кўрсатишга рухсат берилади.

Шунингдек, “Ягона миллий ижтимоий ҳимоя” ахборот тизимида Меҳнатга лаёқатли ногиронлиги бўлган шахсларнинг электрон реестри юритилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёевга камбағал оилаларни қўллаб-қувватлаш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш, ижтимоий хизматлар қамрови ва турларини кенгайтириш чора-тадбирлари бўйича берилган ахборотда Ўзбекистонда ногиронлиги бор инсонларни ишга олган енгил саноат корхоналарига солиқ имтиёзлари бериш кўзда тутилаётгани, хусусан, бундай ходимлар учун ижтимоий солиқ ставкасини пасайтириш, тадбиркорларга Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳисобидан 500 миллион сўмгача субсидия ажратиш каби рағбатлар берилиши айтилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

субсидия тадбиркорлик субъектлари Ногиронлиги бор шахслар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг