Нобель жамғармаси сўзидан қайтди
Олам
−
02 Сентябрь 2023
16831Нобель жамғармаси жорий йилнинг 10 декабрь куни Стокгольмда бўлиб ўтадиган мукофотларни топшириш маросимига Россия, Беларусь ва Эрон элчиларига юборган таклифини қайтариб олди. Бу ҳақда бугун, 2 сентябрь куни жамғарма сайтида эълон қилинган баёнотда маълум қилинди.
“Биз Швециядаги кучли реакцияни ҳисобга олдик, бу эса қарорга бутунлай соя солди. Шунинг учун биз одатдаги амалиётдан ўтган йилги истиснони такрорлашга, яъни Россия, Беларусь ва Эрон элчиларини Стокгольмдаги Нобель мукофотини топшириш маросимига таклиф қилмасликка қарор қилдик”, дейилади баёнотда.
Шу билан бирга, жамғарма Ослода бўлиб ўтадиган маросимга олдингидек ҳамма давлатлар, яъни Россия, Беларусь ва Эрон элчиларини ҳам таклиф қилишини билдирган.
Маълумот учун, ҳар йили олтита Нобель мукофотидан бештаси Стокгольмда, тинчлик бўйича Нобель мукофоти эса Ослода ўз эгаларига топширилади. Ўтган йили Нобель жамғармаси Россиянинг Украинага бўлган тажовузи туфайли Россия ва Беларусь элчиларини маросимга таклиф этмаган. Ўшанда Эрон ҳам таклиф қилинмаган эди. Теҳрон узоқ вақтдан бери инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият туфайли танқидларга учраб келади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ жамғарма юқоридаги давлатлар элчиларини ҳам маросимга таклиф қилганди. Бироқ бу Швеция ва Украинанинг норозилигига сабаб бўлди. Хусусан, Швеция Бош вазири Ульф Кристерссон жамғарманинг мазкур қароридан ҳайратда эканини билдирган бўлса, Европарламент депутати Карин Карлсбро жамғармани “хавфли прецедент” яратишда айблаганди.
LiveБарчаси