Нишонда Путин, Усмонов, Абрамович... АҚШда Россияга қарши ақлга сиғмас қонун ишлаб чиқилди
Олам
−
22 Январь 2022
29992АҚШ Конгресси аъзоси Жим Бэнкс "Путиннинг жавобгарлиги тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқди. Лойиҳада Россия Президенти Владимир Путин, унинг оила аъзолари, бадиий гимнастика бўйича Олимпиада чемпиони Алина Кабаева ва тадбиркор, амалдор, давлат телеканаллари раҳбарлари ва йирик корпорациялар бошқарувчиларини ичига олган 35 кишига нисбатан санкция жорий этишни таклиф қилади. Бу ҳақда "The Washington Post" хабар берган.
Рўйхатда ўтган йили Навальний гуруҳи томонидан санкция киритиш таклиф қилинган шахслар тўлиқ такрорланган.
Қонун билан миллиардерлар Роман Абрамович, Алишер Усмонов, Геннадий Тимченко ва Олег Дерипаскага нисбатан шахсий санкциялар жорий этиш таклиф қилинмоқда. Шунингдек, "Роснефть" раҳбари Игор Сечин, "Транснефть" бошлиғи Николай Токарёв, "Газпром" раиси Алексей Миллер ва ВТБ раҳбари Андрей Костин, Москва мэри Сергей Собянин, Москва вилояти губернатори Андрей Воробёв ва Санкт-Петербург губернатори Александр Беглов, Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников ва унинг ўғли Денис, Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушевнинг ўғли, Путин аппаратининг собиқ раҳбари Игор Шувалов, Президент маъмурияти раҳбари, шу жумладан собиқ бош вазир Сергей Кириенко , ҳозирги ҳукумат раҳбари Михаил Мишустин ва бошқаларни "қора рўйхат"га киритиш таклиф қилинган.
Рўйхатга RT раҳбари Маргарита Симонян ва Биринчи канал раҳбари Константин Эрнст, Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков ва МСК раиси Элла Памфилова ҳам киритилган.
Ҳужжат АҚШ Президентига санкциялар рўйхатидаги шахсларнинг мулкини блоклаш ва уларнинг мамлакатга киришини тақиқлаш имконини беради. Ҳужжатда Россия терроризмга ҳомийлик қилувчи давлат сифатида, Донбассдаги Россия томонидан қўллаб-қувватланган жангарилар эса террорчи сифатида тан олиниши талаб этилади. Қонун лойиҳаси америкаликларнинг Россия давлат қарзи билан операцияларини сезиларли даражада чеклайди.
Қонун лойиҳаси, шунингдек, “Шимолий оқим 2” газ қувури, жумладан “қувурни лойиҳалаштириш, қуриш ва техник хизмат кўрсатиш” билан шуғулланувчи ташкилотларга нисбатан санкцияларни ҳам назарда тутади.
Бундан ташқари, конгрессменлар АҚШ Президенти жамоасини қонун кучга кирганидан кейин олти ой ичида Россия Президенти Владимир Путин, унинг оила аъзолари, Путин билан алоқадор гимнастикачи Алина Кабаеванинг шахсий ҳолати ва даромад манбалари тўғрисидаги ҳисоботни эълон қилиш мажбуриятини юклашни таклиф қилишди.
Бэнкснинг қонун лойиҳаси Конгрессда Россияга, Россия расмийлари ва тадбиркорларига қарши санкциялар бўйича бир нечта таклифлар билан рақобатлашади. Шу билан бирга, шу ҳафта Россия президентининг шахсан ўзига нисбатан санкциялар жорий этиш таклиф қилинган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь