Ниғматилла Йўлдошев Халқаро конференцияда Ўзбекистоннинг соф Ислом ва терроризм борасидаги позициясини ифода этди
Жамият
−
19 Апрель 2019
4602Кеча, 18 апрель куни МДҲ Парламентлараро Ассамблеяси мажлисини ўтказиш доирасида халқаро терроризмга қарши курашиш бўйича халқаро конференция бўлиб ўтди. Конференция очилишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Ниғматилла Йўлдошев сўзга чиқди.
У глобал хусусият касб этган ва бутун халқаро ҳамжамият манфаатларига хавф соладиган халқаро терроризм ҳозирги замоннинг энг долзарб масалаларидан бирига айланганини таъкидлади.
Ўзбекистон раҳбарияти юқори минбарлардан жаҳон жамоатчилиги эътиборини терроризмга қарши курашишда ҳамкорлик қилиш зарурлигига қаратмоқда ва халқаро ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан муҳим ташаббуслар билан чиқмоқда.
МДҲ мамлакатлари парламентлари аъзолари ва халқаро парламент тузилмалари эътиборига Ўзбекистоннинг халқаро терроризмга қарши курашишдаги ёндашувлари етказилди. Шу нуқтаи назардан терроризмга, экстремизм ва радикализм мафкурасига қарши курашиш масалаларида Ўзбекистон нуқтаи назари ўзгармаганлиги қайд этилди. Терроризмга қарши курашишнинг нафақат куч ишлатиш усулларига, балки маърифат, аҳолида, биринчи навбатда, ёшларда терроризм ва экстремизм мафкурасига барқарор иммунитет шакллантириш, унинг пайдо бўлиши учун шарт-шароит яратиш орқали ҳам қарши курашишга эътибор қаратилди. Сенат Раиси ўз нутқида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ шафелигида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисида халқаро конвенция ишлаб чиқиш ва қабул қилишга доир ташаббусига тўхталган.
Шунингдек, ислом дини терроризмга нотўғри тенглаштирилиши, ислом динининг соф инсоний жиҳатларини очиб бериш, нафақат илм-фан ва маданиятга, балки бутун инсоният маданиятининг тинч ривожланишига беқиёс ҳисса қўшган буюк аждодларимизнинг кўп қиррали диний-маънавий меросини ўрганиш зарурлигига ҳам урғу берилган. Ўзбекистонда ташкил этилган Ўзбекистон Ислом академияси ва Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолиятида МДҲ иштирокчи давлатлари дин вакилларининг фаол иштирокига умид боғлаётгани қайд этилган.