Ниғматилла Йўлдошев ғўза парвариши ва пахтани йиғиштириб олиш ишларини танқид қилди
Жамият 18 Август 2020 20:12
10260
Бугун, 18 август куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлигида қишлоқ хўжалиги соҳасида, жумладан ғўза парвариши ва пахта йиғим-теримига доир қонунчилик ижросини таъминлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Йиғилишда Бош прокуратура, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агроиспекция, вилоят ва туман прокурорлари, вилоят ва туман ҳокимларининг соҳага масъул ўринбосарлари ҳамда бошқа мутасадди идоралар вакиллари иштирок этди.
Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чоралари кўрилмаганлиги оқибатида республикадаги барча манбалардан ғўзани суғориш учун бир кунда 1 270 метр. куб секунд сув олиниб, ушбу миқдордаги сув билан 55 - 60 минг гектар майдонни суғориш мумкин бўлсада, амалда 45 минг гектар суғорилмоқда.
Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармасидан ажратилган имтиёзли маблағлар мақсадсиз ишлатилган.
“Агробанк” филиаллари мансабдор шахслари томонидан жорий йил пахта ҳосили учун ажратилган имтиёзли кредит маблағларининг 58,7 млрд. сўми мақсадсиз сарфлаб юборилган.
Ўтган йилги ҳаражатлардан жами 1 трлн. 767 млрд., шундан 1 трлн. 708 млрд. сўми кластерлардан ҳамда 59,5 млрд. сўми фермер хўжаликларидан қайтарилмаган.
Кластер корхоналарининг 19 таси олти ойдан буён муддати ўтган 433 млрд. сўм қарздорликдан бир сўмини ҳам қайтармаган.
Соҳа мутахассисларининг ҳисоб-китоблари ҳамда ҳудудлардан олинган таклифларга кўра, жорий йилда 829,2 минг майдонда ғўза дефолиациясини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Бироқ, Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё, Жиззах, Андижон, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида 6 - 8 фоиз, Бухорода 12 фоиз, Хоразмда 25 фоиз, Сурхондарёда 29 фоиз дефолиант захира қилинган бўлса, Навоий, Наманган, Сирдарё ва Фарғона вилоятларида умуман захира қилинмаган.
Шу билан бирга, республиканинг табиий-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, 42 534 гектар майдонларга картошка экиш режалаштирилган бўлсада, режага нисбатан 3 717 гектар майдонга картошка экилмаган.
Кун тартибидаги масалалар юзасидан Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Сирдарё, Бухоро вилоятлари прокурорлари ва уларнинг соҳавий ўринбосарлари, мазкур вилоятларнинг ҳокимларининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлари ва бошқа мутасадди раҳбарларнинг тушунтиришлари эшитилди.
Қайд этилган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш ҳамда соҳага доир қонунлар ижроси устидан назоратни тубдан кучайтириш бўйича аниқ топшириқлар берилди.