Нидерландияда фаластинлик аёлларни қўллаб-қувватлаш учун “Оналар инқилоби” бўлди
Олам
−
06 Январь
4142Нидерландияда Ғазо секторида болаларнинг ўлдирилишига қарши митинг бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар берди.
Роттердамнинг ўнлаб аҳолиси, асосан аёллар, Шоубург майдонидан шаҳар марказига, у ердан эса шаҳар ҳокимияти томон йўл олишган.
“Оналар инқилоби” деб номланган акция иштирокчилари қонли кафанга ўралган бола қиёфасидаги макетлар, чақалоқ идишлари, лампалар ва “Уларнинг исмлари бор эди, орзулари бор эди” ёзуви туширилган баннерларни кўтариб, намойиш ўтказишган.
Намойишчилар ҳар бир она ўз фарзандини ҳимоя қилиб, тинч-тотув яшашни исташини, лекин Фаластинда оналар ва болалар буни қила олмаслигини таъкидлаган.
Намойиш иштирокчиси Дениз Йилмаз “Анадолу”га берган интервьюсида акция ташкилотчиларининг Фаластиндаги оналарни қўллаб-қувватлаш ва Ғазо секторидаги болалар қирғинига эътибор қаратиш ниятида эканини билдирган.
“Биз уларнинг дардини (фаластинлик оналарни) ҳис қила олмасак ҳам, бу ҳақда баёнот бермоқчимиз. Бугун биз уларнинг Ғарбдаги овози бўлишни хоҳлаймиз”, дейди Йилмаз.
Намойишнинг яна бир иштирокчиси Рэйчел Врейдаг Ғазо секторида қирғин содир бўлаётганини қайд этган.
“У ерда болаларни ўлдирадилар. Буни тўхтатиш керак. Мен бунга қарши овозимни кўтармоқчиман. Мен онаман, аёлман ва инсонман”, дейди у.
Врейдагнинг фикрича, Исроилнинг мақсади Ғазо секторидаги барчани ўлдиришдир.
“Бу жанг эмас, бу геноцид. Менимча, қаердан келганингиз муҳим эмас, мен Суринамданман, лекин бу ҳамма учун ташвишланарли, чунки болаларни бомбардимон қилишни ҳеч қачон қабул қилиб бўлмайди”, дея қўшимча қилган у.
LiveБарчаси