Нидерландия Киевга F-16 қирувчи самолётларини топширди
Олам
−
07 Октябрь
4899Нидерландия Мудофаа вазири Рубен Брекелманс F-16 қирувчи самолётларининг биринчи партияси Украинага топширилганини эълон қилди. Бу ҳақда вазир ўзининг Х’даги саҳифасида ёзиб қолдирди.
“Илк бор Нидерландиянинг биринчи F-16 самолётлари Украинага етказилганини эълон қиламан”, дея ёзган Брекелманс.
Мудофаа вазирига кўра, Украина Қуролли кучларига зудлик билан самолётлар керак.
“Харьковда мен Россия авиазарбаларидан шикастланган, барбод бўлган жойларни кўрдим. Борганимда тез-тез ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сигналларни ҳам эшитдим”, деган у.
Шунингдек, у қолган 24 та самолёт яқин ойларда топширилишини айтди. 5 октябрь куни Харьковга борган Брекелманс бу шаҳарни ҳимоя қилишнинг ягона йўли Россия ҳудудидаги ҳарбий нишонларга зарба бериш эканлигини айтди.
Киевда Брекелманс Нидерландия Украина билан биргаликда илғор дронларни яратишга 400 миллион евро сармоя киритишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, дронларнинг ҳаракат режаси жанг майдонида қўлланиладиган технологияларни яхшилаш бўйича Украина инновациялари ва нидерландияликлар технологияси бўйича ҳаракатларни бирлаштиради.
“Биз ҳар хил турдаги дронларга эътибор қаратамиз – ҳам разведка, ҳам мудофаа, шунингдек, ҳужум, чунки биз Украинага ҳарбий нишонларни йўқ қилиш учун ҳам ушбу ҳужумчи учувчисиз учиш аппаратларининг кераклигини кўриб турибмиз”, дейди Мудофаа вазири.
Ўз навбатида, Украина Мудофаа вазири Рустам Умаров Нидерландия делегацияси билан самарали музокаралар олиб борилганини маълум қилди.
“Украинани Россия агрессиясидан ҳимоя қилиш учун Нидерландия томонидан кўрсатилаётган ҳар томонлама ёрдам учун чин дилдан миннатдорман”, деб ёзади у.
Умаровнинг сўзларига кўра, томонлар авиация коалицияси доирасида, жумладан, экипажни тайёрлаш ва қурол-яроғ, шунингдек, самолётлар учун эҳтиёт қисмлар етказиб бериш бўйича ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олган.
Маълумот учун, Россиянинг кенг кўламли босқини бошланишидан бери Нидерландия Украинага умумий қиймати 10 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам кўрсатиш мажбуриятини олди, шундан 4 миллиард евро сарфланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Жо Байден Конгресс томонидан тасдиқланган маблағдан Украинага 5,5 миллиард доллар ажратишга рози бўлганди. 25 сентябрь куни эса Пентагон матбуот котиби ўринбосари Сабрина Сингҳ Қўшма Штатлар Украинага Жо Байденнинг президентлик муддати тугагунга қадар Конгресс томонидан ажратилган барча ёрдамни тақдим этишини маълум қилди. Апрель ойи охирида эса Байден Конгресс томонидан Украина, Исроил ва Тайванга қурол етказиб беришни қайта тиклаш бўйича маъқулланган қонун лойиҳалари пакетини имзолаган. Ушбу пакет ҳажми 95 миллиард долларни ташкил этган ва Киев учун 61 миллиард долларни ўз ичига олади. Ушбу қонун лойиҳалари имзолангандан сўнг Пентагон Украинага 1 миллиард долларлик қурол-яроғ ва техника жўнатаётганини эълон қилган.