Неймарнинг судида “Реал" президенти ҳам гувоҳлик беради

Спорт 6599
image

Испаниянинг “Реал Мадрид” клуби президенти Флорентино Перес Неймарнинг судида гувоҳлик беради. Бу ҳақда “Мundo Deportivo” нашри хабар қилди.

Бразилиянинг DIS компанияси ПСЖ футболчиси, унинг ота-онаси, “Барселона”нинг собиқ президентлари Хосеп Бартомеу ва Сандро Росел, шунингдек, “Сантос”нинг собиқ директори Одилио Родригес устидан судга мурожаат қилган.

Компания 2009 йилда Неймар Бразилиянинг “Сантос” жамоасида ўйнаган пайтлари унинг трансферидан тушадиган пулнинг 40 фоизига эгалик қилиш ҳуқуқини қўлга киритган. DIS футболчи ва унинг отасини “Барселона”га кўчиб ўтганда клуб билан иккита сохта шартнома имзолаганликда айблади. Шу сабабли компания Неймарнинг трансферидан маблағ олмаган. Эндиликда DIS 150 миллион евро товон пули билан биргаликда 30 ёшли футболчига беш йиллик қамоқ жазоси ва ушбу муддат мобайнида Неймарга футбол ўйнашни тақиқлашни талаб қилмоқда. Шунингдек, компания вакиллари Неймарнинг ота-онасини ҳам беш йиллик қамоқ жазосига тортиш кераклигини таъкидламоқда.

Қайд этилишича, Флорентино Перес жорий йилнинг 17-31 октябрь кунлари кўриб чиқиладиган иш бўйича 18 та гувоҳдан бири бўлади. Катта эҳтимол билан “Реал Мадрид” раҳбари 18 октябрь куни гувоҳлик беради.

Албатта, “Қироллик” клуби президентининг ушбу суд мажлисига нима алоқаси бор деган савол туғилиши мумкин. Гап шундаки, далилларнинг бир қисми сифатида DIS судга 2016 йилда Перес билан бўлган интервьюсини тақдим этади. Унда Флорентино “Реал”нинг Неймарга қизиқиш билдиргани ва унинг трансферига эгалик қилувчиларга 150 миллион евро тўланиши кераклигини айтган.

Маълумот учун, 2013 йилда “Реал Мадрид” анча кўп пул таклиф этганига қарамасдан Неймар 47 миллион евро эвазига “Барселона” футболчисига айланган. Бироқ 2016 йилдан кейин ўтказилган суд натижасига кўра, “кўк анорранглилар” бразилиялик футболчи учун 88 миллион евро тўлагани маълум бўлган.

Маъруф Абдумаликов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 0
Рейтинг: 3
t
×