Неймар яна Месси ва Суарес билан бир жамоада ўйнаши мумкин
Спорт
−
10:27 484 2 дақиқа
Бразилиялик ҳужумчи Неймар Америка футбол клуби “Интер Майами”га ўтишни истамоқда. У 2027 йилда жамоага қўшилиши мумкин. Бу ҳақда Бразилия терма жамоасининг собиқ футболчиси Фелипе Мело “Gols do Brasileirao” порталига маълум қилди.
Мелонинг айтишича, у Неймарнинг яқинлари билан боғланган ва улар футболчининг январь ойида Бразилиянинг “Сантос” клубини тарк этиб, “Интер Майами”га ўтиши мумкинлигини маълум қилган. У ерда Неймарнинг “Барселона”даги собиқ жамоадошлари – аргентиналик Лионель Месси ва уругвайлик Луис Суарес ҳам фаолият олиб бормоқда. Улар 2014-2017 йилларда “Барселона”да бирга ўйнаган ва шу вақт давомида жами 363 та гол урган.
Неймар ҳозир 34 ёшда. У 2025 йил январь ойида Саудия Арабистонининг “Ал-Ҳилол” клубида ўйнаганидан сўнг “Сантос”га қайтган. “Ал-Ҳилол”га ўтишидан аввал Неймар Франциянинг ПСЖ клуби шарафини ҳимоя қилган. Париж клуби 2017 йилда унинг трансфери учун “Барселона”га рекорд даражадаги 222 миллион евро тўлаган.
ПСЖ сафида Неймар беш марта Франция чемпионати, тўрт марта Франция Суперкубоги, уч марта Франция Кубоги ва икки марта Франция Лига Кубогида ғолиб бўлган.
Неймар фаолияти давомида “Барселона” сафида ҳам тўп тепган. У миллий жамоа сафида 130 та учрашувда 80 та гол урган. Бразилия терма жамоаси билан Неймар 2016 йилги Олимпиадада олтин медални қўлга киритган, 2012 йилги Олимпиада ва 2021 йилги Америка Кубогида кумуш медаль олган, шунингдек, 2013 йилги Конфедерациялар Кубогида ғолиб чиққан.
Live
Барчаси