Неймар “Барселона”ни судга берди ва яхшигина пулга тушди
Спорт
−
19 Июнь 2020
14116ПСЖ ҳужумчиси Неймар ўзининг собиқ клуби – “Барселона”га қарши суд жараёнида мағлуб бўлди. Суд футболчининг жамоа у билан шартномани узайтириш учун белгиланган 43,6 миллион евро тўлаш тўғрисидаги талабини қондирмади. Бунинг ўрнига футболчи клубга 6,7 миллион евро тўлайдиган бўлди. Бу ҳақда Каталония клуби расмий сайтида маълум қилинди.
Неймар “Барселона”да 2013 йилдан 2017 йилгача тўп сурган. Шундан сўнг “ПСЖ”га ўтган. Каталония клубини тарк этишдан бир йил олдин, футболчи шартномани узайтирган эди, аммо Париж жамоасига ўтиш сабабли янги шартнома тузгани учун бонус олмади.
Бразилиялик “ПСЖ”га ўтганига қарамай, каталонияликлар унга бонус тўлашлари керак эди ва шу сабабли “Барселона”ни судга беришга қарор қилди.
"Барселона Халқ суди бугун эълон қилган ҳукмдан мамнунмиз. Футболчининг вакили қарор устидан шикоят қилиш ҳуқуқига эга, шунинг учун клуб ўзининг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда давом этади", дейилади "Барселона" баёнотида.