Нетаньяхуга Эрон ва АҚШ ички инқирозни ҳал қилиш учун керак – эксперт 

Олам

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху ўз мамлакатидаги ички сиёсий инқирозни бартараф этиш учун Эрон ва АҚШни Фаластин-Исроил можаросига тортмоқчи. Бу фикрни Шанхайдаги Шарқий Хитой педагогика университети қошидаги тадқиқотлар маркази эксперти Чжэн Жуньюй билдирди.

“Исроил-Фаластин можаросининг ҳозирги тенденцияси шундан иборатки, Нетаньяху Эронни унга тортишга умид қилмоқда, шундан кейин Қўшма Штатлар ҳам унда иштирок этишга мажбур бўлади. Бу можаро кўламини кенгайтиради ва шу билан Исроилдаги ички сиёсий муаммоларни ҳал қилади”, деб ҳисоблайди эксперт.

Чжэн Жуньюйнинг сўзларига кўра, ҳозирда Форс кўрфазининг бир қанча муҳим давлатлари, хусусан Саудия Арабистони, БАА ва Қатарнинг позициясига эътибор қаратиш лозим.

"Исроил-Фаластин можаросининг кучайиши ёки пасайиши бевосита улар ҳамкорлик ёки қўллаб-қувватлаш учун қайси томонни танлашига боғлиқ", дейди эксперт.

Жуньюй бу давлатлар аллақачон можарода иштирок этгани ва манёвр қилиш учун етарли жойга эга бўлмаган томонлардан фарқли ўлароқ, вазиятга янги ўзгарувчилар киритиши мумкинлигини таъкидлайди.

"Ҳозирда Фаластин-Исроил тинчлик жараёни барча иштирокчилар томонидан қабул қилинадиган кучли учинчи воситачи куч йўқлиги сабабли ҳали ҳам бошланмади", дейди эксперт.

Эрон ва Исроил зиддиятининг кескинлашуви

1 апрель куни Исроил Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида Эрон инқилоби қўриқчилари корпусининг 7 нафар аъзоси ҳалок бўлди, улардан икки нафари генерал даражасида эди.

Эрон Исроилнинг консулликка ҳужуми ўз ҳудудига қилинган ҳужум эканини ва у ўч олишини айтди.

Исроил ҳам Эрон ҳужумларига жавоб беришини эълон қилди.

14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга юзлаб камикадзе дронлари, баллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум уюштирди ва баъзи ҳарбий нишонларга зарба берилганини айтди.

Исроил ҳужумларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тўхтатилганини билдирди, бироқ битта ракета мамлакат жанубидаги ҳарбий базага тегди.

19 апрель куни эрталаб Американинг ABC телеканали АҚШ расмийсига таяниб, Исроил Эрон ҳудудидаги объектга ракета зарбаси бергани ҳақида хабар берди. CNN америкалик мулозимга таяниб, бу ҳужум Исроилнинг 14 апрелдаги Эрон ҳужумига жавоби бўлганини таъкидлади.  

Эрон матбуотида эса мамлакат шаҳарларига ҳеч бир давлат томонидан ҳужум қилинмагани ҳақида хабар берилди. Эрон Миллий киберкосмик маркази вакили Ҳусайн Далирян Х’даги саҳифасида Исфаҳон шаҳри осмонида уриб туширилган учувчисиз самолётлар республика ҳудудидан учирилганини ёзди. Эрон армияси қўмондони генерал-лейтенант Абдулраҳим Мусавий Исфаҳон осмонида эшитилган портлаш ҳаво ҳужумига қарши мудофаа тизимларининг номаълум объектларга қарши ишлаши натижасида содир бўлганини айтди. “Reuters” агентлиги Эроннинг юқори мартабали мулозимига таяниб, Эрон ўз ҳудудига қилинган ҳужумга ҳозирча жавоб қайтармоқчи эмаслигини ёзган бўлса, CNN Исроил ва Эрон бир-бирига қарши янги ўзаро зарбалар бериш ниятида эмаслигини хабар қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Исроил Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг