Нетаньяху Исроил аскарларини Ғазодан олиб чиқиши ҳақидаги таклифни рад этди

Олам

image

Исроил ўз қўшинларини Ғазо секторидан олиб чиқиш ниятида эмас ва минглаб фаластинликларни ҳам қамоқдан озод қилмайди. Бу ҳақда яҳудий давлати Бош вазири Биньямин Нетаньяху ҲАМАС билан янги келишувга эришиш эҳтимоли ҳақидаги хабарларга изоҳ бераётганида маълум қилди.

“Мен ҳар хил келишувлар ҳақидаги баёнотларни эшитяпман, шунинг учун буни аниқ айтмоқчиман: биз бу урушни унинг барча мақсадларига эришмагунимизча тугатмаймиз, яъни ҲАМАСни йўқ қилиш, барча гаровга олинганларимизни қайтариш ва Ғазо эндиликда Исроилга таҳдид солмаслигини таъминлаш. Биз ЦАХАЛни Ғазо секторидан олиб чиқмаймиз ва минглаб террорчиларни озод қилмаймиз. Буларнинг ҳеч бири содир бўлмайди. Лекин нима бўлади? Тўлиқ ғалаба”, дейди Нетаньяху. 

Исроил Бош вазирининг сўзларига кўра, Ғазо секторида давом этаётган жанглар натижаси Исроил учун “мутлақ ғалаба” бўлиши керак. 

"Бизга мутлақ ғалаба керак. Бундан ками эмас. Мен бунга содиқман, бизнинг жангчиларимиз ва халқимизнинг мутлақ кўпчилиги бунга содиқ. Биз мутлақ ғалабадан ками билан кифояланмаймиз", дейди Нетаньяху.

CNN’нинг манбаларига таяниб хабар беришича, Миср разведкаси ҲАМАСга Миср, Исроил, АҚШ разведка хизматлари раҳбарлари ва Қатар Бош вазирининг 28 январь куни Париждаги йиғилишида эришилган гаровдагиларни озод қилиш бўйича дастлабки таклифни етказган. Телеканалнинг таъкидлашича, музокарачилар умумий маънода консенсусга эришган бўлса-да, келишувнинг аниқ тафсилотлари бўйича келишиб олиш, катта эҳтимол билан, осон бўлмайди.

Дастлабки шартларга кўра, гаровга олинганларни қайтаришнинг биринчи босқичи жанговар ҳаракатлар олиб боришда олти ҳафталик танаффусни назарда тутади. Шу билан бирга, ҲАМАС қўл остидаги ҳар бир фуқаро

Исроил қамоқхоналарида сақланаётган уч нафар фаластинлик билан алмаштирилади. Бу нисбат Исроил армияси ходимларини алмашиш учун оширилиши мумкин ва олти ҳафталик сулҳдан кейин узоқроқ пауза бўлиши мумкин.

Ўз навбатида, “Sky News Arabia” хабарига кўра, ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги келишув Рамазон ойида Ғазо секторида сулҳ тузишни ўз ичига олиши мумкин. 2024 йилда араб астрономларининг фикрига кўра, у 11 март - 9 апрелга тўғри келади. Исроил расмийлари бу хабарларга расман изоҳ бермаяпти.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Исроил ҲАМАС билан потенциал келишув доирасида Ғазо секторининг асосий шаҳарларидан ўз қўшинларини олиб чиқиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Ғазо

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made