Нетаньяху Германияни “терроризмни мукофотлаш”да айблади

Олам

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ғазо секторидаги гуманитар инқироз шароитида Исроилга қурол етказиб беришни қисман тўхтатгани учун Германияни қаттиқ танқид қилди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Нетаньяхунинг фикрича, бу қарор амалда ҲАМАС фаолиятини рағбатлантиради. Қолаверса, у Германия канцлери Фридрих Мерц билан телефон орқали суҳбат қилган ҳамда канцлерга чуқур норозилигини билдириб, “Исроилнинг ҲАМАСга қарши адолатли урушини қўллаб-қувватлаш ўрнига, терроризмни мукофотлаётганини” айтган. 

Исроил ҳукумати яқинда Ғазо шаҳрини тўлиқ назоратга олиш режасини тасдиқлади. Урушни якунлаш учун беш асосий мақсад белгиланган – ҲАМАСни бутунлай қуролсизлантириш, барча гаровдагиларни озод қилиш, Ғазо секторини демилитаризация қилиш, қирғоқ ҳудудида Исроил хавфсизлик назоратини ўрнатиш ва ҲАМАС ҳамда Фаластин Миллий маъмуриятига бўйсунмайдиган фуқаролик бошқарувини ташкил этиш.

Германия эса можаро давомида Исроилга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қурол экспорти лицензияларини беришни тўхтатди. Бу ўзгариш Берлиннинг одатда Исроил тарафида бўлган сиёсатида бурилиш сифатида баҳоланмоқда.

Маълумот учун, можаро 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга кенг кўламли ҳужуми билан бошланди. Ракета ҳужумлари ва қуролли босқинлар оқибатида 1200 дан ортиқ киши ҳалок бўлди, 250 дан ортиқ одам гаровга олинди. Исроил жавобан уруш эълон қилди. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 60 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди, 145 мингдан ортиғи яраланди. 

Эслатиб ўтамиз, Исроилга қурол етказиб беришни тўхтатиш ҳақидаги қарор Германия томонидан Исроил ҳукумати кеча, 8 август куни Ғазо шаҳрини тўлиқ босиб олиш режасини маъқуллагандан сўнг қабул қилинганди. Исроилнинг режасига кўра, 1 миллион аҳолини эвакуация қилиш талаб этилади ва операция бир неча ой давом этиши мумкин. Қолаверса, Германиянинг Христиан-демократик иттифоқи (ХДИ) партиясидан бир қатор депутатлар канцлернинг ушбу қарорини кескин танқид қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Исроил Ғазо Биньямин Нетаньяху Фридрих Мерц

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг