Нетаньяху АҚШни Эронга қарши ҳарбий иттифоқ тузишга таклиф қилди
Олам
−
25 Июль
4261Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШга Эрон таҳдидига қарши туриш учун ўз мамлакати билан ҳарбий иттифоқ тузишни таклиф қилди. Бу ҳақда у кеча, 24 июль АҚШ Конгрессида сўз очди.
Нетаньяху Вашингтонни Исроилга Ғазо секторидаги ҲАМАС гуруҳини тезда мағлуб этиши учун ҳарбий ёрдам етказиб беришни тезлаштиришга чақирди. Нетаньяхунинг иддао қилишича, Исроилнинг ҲАМАСга қарши уруши икки цивилизация ўртасидаги зиддият эмас, балки “цивилизация ва ваҳшийлик ўртасидаги, ҳаёт муқаддас бўлганлар ва ўлимни улуғлайдиганлар ўртасидаги тўқнашув”.
Унинг даъво қилишича, Исроил нафақат ўзига, балки АҚШ ва араб дунёсига ҳам таҳдид солаётган терроризмга қарши уруш олиб бормоқда.
“Эрон ҳам ҲАМАС, ҳам Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи ва Яман ҳусийлари ортида турибди”, дейди Исроил Бош вазири.
У Теҳрондаги ҳукмрон режимни Яқин Шарқ ва бутун дунё хавфсизлигига асосий таҳдид деб атади. Исроил Бош вазири Фаластин тарафдорларининг намойишларида қатнашганларни – шундай намойишлардан бири Вашингтондаги Конгресс биноси олдида Нетаньяху у ерда нутқ сўзлаганида бўлиб ўтди – “зўрловчилар ва қотиллар томонидаги” “Эроннинг фойдали аҳмоқлари” деб атади.
Шунингдек, Нетаньяху Исроил зарбалари Ғазо секторидаги тинч аҳолига қаратилгани ҳақидаги айбловларни рад этди.
“Исроил армияси Фаластинлик тинч аҳолига зарар етказмаслик учун миллионлаб варақаларни ташлади, миллионлаб СМС юборди, юз минглаб телефон қўнғироқларини амалга оширди”, дея иддао қилди Бош вазир.
АҚШ қонунчиси Рашида Тлаиб Нетаньяхунинг Конгрессдаги нутқи вақтида “ҳарбий жиноятчи” деган ёзувни кўтариб турди. Нутқ якунида ўрнидан туриб, Нетаньяхуни олқишлаган конгрессменлардан фарқли ўлароқ, ўтириб ўз норозилигини билдирди.
Маълумот учун, 20 май куни Халқаро жиноий суд бош прокурори Карим Хон Биньямин Нетаньяху ва Исроил мудофаа вазири Йоав Галантни Фаластин ҳудудида уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятларда айблаб, ҳибсга олиш учун ордер беришни талаб қилди. Унинг айтишича, Нетаньяху ва Галант “Фаластин тинч аҳолисига қарши кенг кўламли ва тизимли ҳужумлар” учун масъулдир”.
Шу билан бирга, у ҲАМАСнинг уч етакчиси: Яҳё Синвар, Муҳаммад Ал-Масри ва Исмоил Хонияни ҳибсга олиш учун ордер берди. Улар, шунингдек, уруш жиноятлари ва инсониятга қарши жиноятлар, жумладан, қотиллик, гаровга олиш, жинсий зўравонлик ва қийноқларда айбланмоқда.
LiveБарчаси