Нетаньяху ҳарбий ҳаракатларни 42 кунга тўхтатишга тайёрлигини айтди

Олам

image

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху анклавда гаровга олинган исроилликларни озод қилиш учун Ғазо секторидаги жанговар ҳаракатларни олти ҳафтага тўхтатишга тайёрлигини айтди. Бу ҳақда “Israil Hayom” газетаси хабар берди.

“Исроил гаровга олинганларни қайтариш учун ҳарбий ҳаракатларни 42 кунга тўхтатиши мумкин. Аммо биз урушни тўхтата олмаймиз. Эронликлар ва барча душманларимиз таслим бўламизми, деб бизга қараб турибди”, деган Бош вазир парламентнинг Ташқи ишлар ва мудофаа масалалари комиссиясининг ёпиқ мажлисида.

“Times of Israel” нашрининг тушунтиришича, Нетаньяху тегишли баёнот билан АҚШ Президенти Жо Байден томонидан Яқин Шарқдаги можарони ҳал қилиш бўйича таклиф қилинган режани изоҳлар экан, Америка Президентининг режасида “бўшлиқлар” мавжудлигини айтган.

“Байден тақдим этган режа тўлиқ эмас эди. Гаровга олинганларни қайтариш учун уруш тўхтайди, кейин муҳокама қиламиз. АҚШ Президенти оммага тақдим этмаган бошқа тафсилотлар ҳам бор”, дея қўшимча қилди Бош вазир.

АҚШ Президенти Жо Байден 31 май куни Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш ва исроиллик гаровга олинганларни озод қилиш бўйича уч босқичли режани тақдим этди. ҲАМАС режани ижобий кутиб олди.

Шу билан бирга, Исроил ҳукуматининг икки ўта ўнгчи аъзоси – Молия вазири Безалел Смотрих ва Миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир, агар Бош вазир Биньямин Нетаньяху келишувга рози бўлса, ўз лавозимларидан истеъфога чиқиш ва ҳукмрон коалицияни парчалаш билан таҳдид қилган.

Бош вазирнинг ўзи эса барча гаровга олинганларни озод қилмасдан, ҲАМАСнинг ҳарбий ва сиёсий имкониятларини йўқ қилмасдан туриб, доимий сулҳ бўлмаслигини таъкидлади. Ўз навбатида, мухолифат етакчиси Яир Лапид Байденнинг режасини қўллаб-қувватлади.

Кейинроқ Исроил Бош вазирининг ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси Офир Фалк Исроил режанинг асосий қоидаларига рози эканлигини, бироқ ҳали кўп тафсилотларни якунлаш зарурлигини айтди.

“Бу унчалик яхши келишув эмас, лекин биз ҳақиқатан ҳам барча гаровга олинганларнинг озод этилишини хоҳлаймиз”, дея қўшимча қилди маслаҳатчи.


Мақола муаллифи

Теглар

Исроил Биньямин Нетаньяху

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг