Нетаньяху ҳам БМТни сусткашликда айблади
Олам
−
24 Ноябрь 2023
4914Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг фикрича, БМТ Ғазо секторида кучайиб бораётган гуманитар инқирозга жавоб беришда жуда секин ҳаракат қилмоқда. Бу ҳақда у Бельгия ва Испаниядан Бош вазирлари Александр Де Кру ва Педро Санчес билан учрашувда айтиб ўтди.
"БМТ ва халқаро ташкилотларнинг мен кўришни истаган саъй-ҳаракатларини ҳали кўрмадим. Қиш яқинлашмоқда, Ғазо секторидаги хавфсиз ҳудудларга ўн минглаб чодирларни ўрнатмаслик учун ҳеч қандай сабаб йўқ. Лекин БМТ хавфсиз ҳудудларга кирмаяпти ва бу мени ҳайратда қолдиради ", деган Бош вазир.
У Исроил Фаластин анклавининг Ғазо секторининг шимолий қисмидан жанубга хавфсиз йўлак очганини таъкидлаб, шундан бери анклавдаги тинч аҳоли орасида қурбонлар сони камайиб бораётганини даъво қилган.
"Ҳарбий ҳаракатлар аҳолини огоҳлантиришларимизга қулоқ солиб, анклавнинг жанубига боришга мажбур қилди. Улар жанубга етиб боргач, инсонпарварлик ёрдамига эга бўлди", деган Нетаньяху.
Эслатиб ўтамиз, Исроилнинг Ғазога ҳужумлари бошлангандан бери кўпчилик етакчилар БМТни Исроилни тўхтата олмаганликда айблаб келаётганди. Баъзи раҳбарлар Яқин Шарқдаги вазият БМТни ислоҳ қилиш вақти келганини кўрсатганини айтди.