Немис компанияси Украинага вертолётлар учун янгича қурилма етказиб беради
Олам
−
22 Июнь 2023
3724Германиянинг Hensoldt концерни Киевга жанговар вертолётлар учун 16 та энг янги сенсорли ҳаво-десант ракетадан ҳимоя қилиш тизимини (AMPS - Airborne Missile Protection System) етказиб бериш бўйича буюртма олди. Бу ҳақда компаниянинг бугун, 20 июнь куни эълон қилинган баёнотида айтилди.
“Буюртманинг нархи икки хонали рақамда миллионлаб еврони ташкил этади. AMPS етказиб бериш орқали биз Украина вертолётларининг мудофаа қобилиятини оширамиз. Биз экипажларни турли таҳдидлардан, биринчи навбатда “ер-ҳаво” ва “ҳаво-ҳаво” ракеталаридан ҳимоя қиламиз”, дейди Hensoldt Optronics бошқарувчи директори Таня Алтман.
Маълумот учун, AMPS ракета учирилишини аниқлаш сенсори, илғор бошқарув ва маълумотни кўрсатиш блоки, учирилган ракеталарнинг масофаси ва тезлигини аниқлайдиган тизимга эга қурилма саналади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Украинада қурилаётган Rheinmetall заводида энг янги немис Panther KF51 танкини ишлаб чиқариш 15-20 ой ичида бошланиши айтилганди. Шунингдек, Украина Германиядан мамлакатга кўпроқ танк етказиб беришни сўраган, бунга жавобан Берлин Киевга Leopard 1 танкларини етказиб бериш ҳажмини ошириши маълум қилинган.
LiveБарчаси