“Нефтчи” – “Турон” ўйинидаги жанжал бўйича айбдорларга жазо тайинланди
Жамият
−
09 Декабрь 2020
11402Жорий йилнинг 1 декабрь куни Фарғона шаҳридаги “Истиқлол” стадионида “Нефтчи” (Фарғона) ва “Турон” (Яйпан) клублари ўртасидаги Про лиганинг 20-тур ўйини охирида юз берган тўполон бўйича Ўзбекистон Футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитаси ўзининг қарорини эълон қилди.
Қайд этилишича, ЎФA мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳ Ички ишлар вазирлиги, “Нефтчи” – “Турон” учрашувининг ташкилий ишларига масъул барча ташкилотлар билан ҳамкорликда учрашувда юзага келган можаро бўйича суриштирув ишлари олиб борган.
Ҳар бир ҳолат бўйича суриштирув ишлари якунига етгач барча керакли маълумотлар, шунингдек, ўйин қайдномаси, учрашув назоратчиси ва комиссарининг билдиргилари, оммавий тартибчизлик акс этган видеоматериаллар ЎФA Тартиб-интизом қўмитасига тақдим этилган.
Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, “Нефтчи” клуби футболчиси Ж.Л.Тўрақулов учрашув бош ҳаками Ш.Насибуллаевга қасддан тан жароҳати етказгани учун унга нисбатан ЎФA Интизом кодексининг 5.6 ва 5.49-бандларига асосан 10 йил муддатга футбол билан боғлиқ ҳар қандай фаолият билан шуғулланишдан четлатиш интизом чораси қўлланди.
“Нефтчи” клуби футболчилари Ш.Б.Aбдураимов, С.М.Зокиров ва Ж.Қ.Қобулов учрашув бош ҳаками Ш.Насибуллаевга ҳужум қилганлиги учун уларнинг ҳар бири ЎФA Интизом кодексининг 5.48-бандига асосан 1 йил муддатга футболдан четлатилди ва 15 миллион сўмдан жаримага тортилди.
“Нефтчи” клуби футболчиси Д.Ф.Тошматов учрашув ёрдамчи ҳаками Д.Сайлавовга нисбатан тажавузкор ҳаракат қилганлиги учун Интизом кодексининг 5.49-бандига асосан 10 та расмий учрашувга дисквалификация қилинди.
Учрашув якунлангандан сўнг мухлислар футбол майдонида ва унга ёндош ҳудудларда тартибсизликлар келтириб чиқаргани, “Нефтчи” футбол клуби масъуллари жамоат тартибини сақлаш билан боғлиқ етарлича чоралар кўрилишини таъминламагани учун “Нефтчи” футбол клубига нисбатан Интизом кодексининг 5.4-бандига асосан 3 та уй учрашувини мухлисларсиз ўтказиш ва 100 миллион сўм миқдорида жарима интизом чораси қўлланди.
“Учрашувдан сўнг стадионга ташриф буюрган томошабинлар томонидан футбол майдонида ва унга ёндош ҳудудларда тартибсизликлар келтириб чиқарилиши ҳолатини муҳокама қилиш ҳамда “Истиқлол” стадиони маъмуриятига чора кўриш бўйича Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармасига тақдимнома юборилди”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, ўйиндан кейинги жанжал бўйича 6 кишига жиноят иши очилди, 5 кишига маъмурий ҳуқуқбузарлик бўйича баённома расмийлаштирилган.
Суперлигага чиқиш йўлланмасини тақдим этувчи ўйинда “Турон” жамоаси кичик ҳисобда (0:1) ғалаба қозонди.
LiveБарчаси