“Нефтчи” 24 йилдан сўнг Ўзбекистон чемпиони бўлди
Спорт
−
22 Ноябрь 4866 2 дақиқа
Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси 2025 йилги Ўзбекистон Суперлигаси мавсумида чемпионликни муддатидан аввал қўлга киритди. Виталий Левченко бошчилигидаги жамоа мусобақа якунига бир тур қолганда “Қизилқум” устидан қозонилган ғалаба эвазига 24 йиллик танаффусдан сўнг мамлакат чемпионига айланди.
Бугун, 22 ноябрь куни Суперлиганинг 29-тури доирасида бўлиб ўтган ҳал қилувчи баҳсда фарғоналиклар Навоийнинг “Қизилқум” жамоасини ўз майдонида 4:1 ҳисобида мағлуб этди.
Учрашув бошидан бошлаб ҳужумкор футбол намойиш этган “Нефтчи” 3-дақиқада ҳисобни очди. Алишер Одилов жарима майдонида вужудга келган вазиятдан унумли фойдаланиб, жамоасини олдинга олиб чиқди. 19-дақиқада яна Одилов катта саҳнага чиқиб, дубль қайд этди ва ҳисобни 2:0 кўринишига келтирди.
Иккинчи бўлимда меҳмонлар ҳисобни қисқартириш учун ҳаракат қилди ва ўйиннинг 60-дақиқасида Шоҳруз Норхонов орадаги фарқни қисқартиришга эришди, бироқ 68-дақиқада Жамшид Искандеровнинг голи билан “Нефтчи” ҳисобни яна ишончли кўринишга олиб келди. Ўйиндаги сўнги гол 89-дақиқада Иброҳимҳалил Йўлдошев томонидан киритилди. Қолган дақиқаларда ҳам ташаббус “Нефтчи” томонида бўлди, бироқ ҳисоб ўзгармади – 4:1.
Шу тариқа, “Нефтчи” 64 очко билан турнир жадвалида биринчи ўринни муддатидан аввал кафолатлади. Тошкентнинг “Пахтакор” жамоаси 59 очко билан иккинчи поғонада, Қаршининг “Насаф” клуби эса 58 очко билан учинчи ўринда бормоқда. Чемпионатнинг якуний медаллари учун кураш “Пахтакор”, “Насаф” ва Самарқанднинг “Динамо” жамоалари ўртасида давом этади.
Маълумот учун, “Нефтчи” 1992, 1993, 1994, 1995 ва 2001 йил ҳам Ўзбекистон чемпиони бўлган эди.