Нефть маҳсулотлари ва газни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи тайинланди
Жамият
−
13 Апрель 2019
8236Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 3 апрелдаги қарори билан Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Нефть маҳсулотлари ва газни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи тайинланди.
Инспекция бошлиғи этиб бунга қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Нефть ва газдан фойдаланишни назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи лавозимида 2017-2019 йиллар давомида ишлаган Нодир Тоҳирович Агзамов тайинланди. Бу ҳақда Энергетика вазирлигининг матбуот хизмати маълум қилмоқда.
Маълумот учун, Нодир Агзамов 1996-2002 йилларда Тошкент давлат техника университетида нефть ва газни қайта ишлаш мутахассислиги бўйича таҳсил олган. Шунингдек, 2011-2012 йилларда Сеул миллий университетида “Халқаро энергетика сиёсати” дастури бўйича таълим олган. Нодир Агзамов меҳнат фаолиятини “Ўзнефть маҳсулотларини қайта ишлаш” ва “Ўзнефтмаҳсулот” компанияларида бошлаган. 2012-2017 йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Геология, ёқилғи-энергетика мажмуи, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати ахборот-таҳлил департаментининг ёқилғи-энергетика комплексини ривожлантириш бўйича етакчи мутахассиси вазифасида ишлаган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлигининг иккита инспекция бошлиғига ўринбосарлар ҳам тайинланди. Бу борадаги тегишли ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов томонидан 2019 йил 9 апрелда имзоланди.
Асқар Шарифжонович Исаков Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғининг ўринбосари этиб тайинланди. А.Ш.Исаков илгари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Газ ва нефть маҳсулотлари назорати давлат инспекциясининг Тошкент ҳудудий бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган (2018-2019 йиллар). А.Ш.Исаков 2006 йилда Тошкент ирригация ва мелиорация институтини машинасозлик соҳаси бўйича тамомлаган. У меҳнат фаолияти давомида "Ўзпахтамаш", "Трест Гордорстройремонт", "Ўзавтойўл", "Ўзнефтмаҳсулот", "Ўздавнефтгазинспекция" каби саноат тизимларида ишлади.
Умаржон Усмоналиевич Эгамбердиев Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Энергетика назорати инспекцияси бошлиғининг ўринбосари етиб тайинланди. У аввал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергетикаси соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси бошлиғининг ўринбосари ("Ўздавэнергоназорат") (2011-2019) вазифасида ишлаган. У.Эгамбердиев 1994 йилда Тошкент давлат техника университетини “иссиқлик электр станциялари” мутахассислиги бўйича тамомлаган.
У.Эгамбердиев меҳнат фаолиятини Ангрен ГРЭСда бошлаб, Ангрен туман электр тармоқлари корхонасида давом эттирган. У кейинчалик “Тошкент электр тармоқлари”, “Тошкент электр таъминоти” корхоналарида турли вазифаларда ишлаган.
LiveБарчаси
06 Ноябрь