Назарбоев Туркий кенгашнинг бир умрлик “оқсоқоли” бўлди
Олам
−
25 Май 2019
6415Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг таклифи ва Туркий кенгашга аъзо давлатларнинг қўллаб-қувватлаши билан Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти, Элбоши – Нурсултон Назарбоев “Туркий кенгашнинг бир умрлик фахрий раиси” этиб эълон қилинди.
Кеча, 24 май куни Қозоғистон Республикасининг биринчи Президенти, Элбоши – Нурсултон Назарбоев Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли билан учрашди. Бу ҳақда “Оқўрда” Матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Қозоғистоннинг биринчи Президенти икки қардош халқ ўртасидаги ҳамкорликни сақлаб қолиш ва келажакда янада ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
“Мустақилликнинг дастлабки йилларидан бери Туркия бизни қўллаб келди. Бизнинг давлат ва халқ бир-бирига жуда яқин. Икки давлат ўртасида визасиз тартиб ўрнатдик. Қозоғистон ва Туркия алоқалари йилдан-йилга мустаҳкамланяпти. Ишонаманки, бу ҳол давом этади”, деган Элбоши.
Нурсултон Назарбоев туркий давлатлар ўртасидаги алоқаларни Турк кенгаши доирасида ривожлантириш кераклигини қайд этган.
Ўз навбатида Мавлуд Чавушўғли Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг саломини Нурсултон Назарбоевга етказиб, уни Туркияга таклиф қилган.
“Сиз Элбоши, Хавфсизлик Кенгаши раиси, “Nur Otan” партияси раҳбари сифатида Қозоғистон халқи манфаати учун қилаётган ишларингиздан мамнунмиз. Сизнинг ўз мамлакатингиз ва икки томонлама муносабатларнинг ривожланиши учун қўшган мислсиз ҳиссангиз бизга маълум”, деган Мавлуд Чавушўғли.
Суҳбат давомида томонлар халқаро ва минтақавий долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашган.
Учрашув якунида Туркия ташқи ишлар вазири Турк кенгаши аъзо давлатлар раҳбарлари қарори билан Нурсултон Назарбоевга турк олами давлатлари ривожига қўшган улкан ҳиссаси учун “Туркий тилли давлатлар кенгашининг бир умрлик фахрий раиси” мақоми берилганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, Нурсултон Назарбоев 1989 йилдан 2019 йил мартгача Қозоғистонга раҳбарлик қилган. Жорий йилнинг 19 март куни президентликдан истеъфо берди. Унинг ўрнини вақтинча Қосим-Жомарт Тоқаев эгаллади.
9 июнь куни Қозоғистонда президентлик сайловлари ўтказилади.
LiveБарчаси