Навоийда собиқ мактаб директори 2,5 йилга қамалди

3-саҳифа

image

Ўқитувчи деган улуғ номга доғ тушириб, порахўрликда айбланган Навоий вилояти Хатирчи тумани 62-сонли умумтаълим мактаби собиқ директори А.Р. қонун олдида жавоб берди. У 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. Бу ҳақда Олий суд Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

2020 йил 28 июль куни Жиноят ишлари бўйича Навоий вилояти Кармана тумани судининг очиқ суд мажлисида Хатирчи тумани 62-сонли умумтаълим мактаби директори лавозимида ишлаган Ризаев Анварга (шахси ўзгартирилган) нисбатан бўлган жиноят иши кўриб чиқилди.

А.Ризаев мактабнинг умумий фаолиятига раҳбарлик қилиш, педагог ходимларга бўлган эҳтиёжни аниқлаш, тегишли малака ва компетенцияларга эга ходимларни танлаш ва жойлаштириш, кадрлар захирасини шакллантириш ҳамда ижро, меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомига риоя қилинишини таъминлаш каби ваколатга эга маъмурий-хўжалик вазифаларини амалга оширадиган давлат органи мансабдор шахси бўла туриб, Халқ таълими вазирининг 2019 йил 28 декабрдаги  “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумтаълим муассасалари ҳамда “Меҳрибонлик уйлари” бошқарув, техник, хизмат кўрсатувчи ва ўқув ёрдамчи ходимларнинг намунавий штатларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 406-сонли буйруғига асосан ўзи раҳбарлик қилиб келаётган мактабда котиба вазифасида ишлаб келаётган Ф.Султоновани штат бирлиги кадрлар бўйича менежерга ўзгартирганидан фойдаланиб, Ф.Султоновани Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 103-моддасига кўра, меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишда қолдириш учун бериладиган имтиёзли ҳуқуққа эга эканлигини билгани ҳолда, уни пора беришга мажбур этадиган шароитга қасддан тушириш мақсадида Ф.Султоновага жорий йилнинг 3 февраль куни иш ўрни қисқарганлиги ва бошқа иш ўрни мавжуд эмаслиги важи билан у билан тузилган меҳнат шартномаси 1 мартдан бекор қилиниши ҳақида огоҳлантириш хати беради.

Шундан сўнг, мазкур мактабнинг кимё фани ўқитувчиси Ў.Султонов Х.Қучқоровга турмуш ўртоғи Ф.Султонова билан янги меҳнат шартномаси имзолаш ва ишда қолдиришни сўраб мурожаат қилганидан ўзининг ғараз мақсадларида фойдаланиб, қонунга хилоф эканлигини билгани ҳолда мулкий манфаат кўришни кўзлаб, Ф.Султоновани мактабнинг кадрлар бўйича менежер вазифасига ишга қабул қилиш учун Ў.Султоновдан таъмагирлик йўли билан 200 АҚШ доллари миқдорида пора беришни талаб қилади. Сўнг ундан кимёвий ишлов берилган 1 млн 200 минг сўм пулларни жорий йилнинг 8 май куни соат 17:00 ларда ўзининг хизмат хонасида олган вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланади.

Суд, А.Ризаев айбига тўлиқ иқрорлигини, қилмишидан пушаймондалигини, шахсини, ёшини, оилавий шароитини, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларини инобатга олиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 210-моддаси 2-қисми “в” банди билан ЖКнинг 45,57-моддалари тартибида 2 йил муддатга ҳалқ таълими соҳасида мансабдорлик ва моддий жавобгарлик ишларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ҳамда 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция

Баҳолаганлар

125

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг