Навоийда сифатсиз қурилган “дом” муаллифларига қандай чора кўрилди?
Жамият
−
16 Март 2023
9625Навоий вилояти Зарафшон шаҳрида қурилаётган 12 қаватли турар-жой биносининг ҳолати акс этган видеолавҳа ижтимоий тармоқларда тарқалди. Ҳолат юзасидан Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатларида объектнинг йиғма темир-бетон конструкциялар асосида рамали типда қурилиши кўзда тутилган. Ташқи томондан тўлдирувчи сифатида газоблок қурилиш материалидан фойдаланиш кўрсатилган.
Айнан видеолавҳада акс этган газоблок тўлдирувчи материалининг асосга маҳкамланиш тартиби лойиҳа ҳужжатларида кўрсатилмаганлиги, боғлаш, мустаҳкамлаш чизмалари ва қирқимлари лойиҳага аниқ киритилмаганлиги сабабли, Навоий вилоят қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан “ТошуйжойЛИТИ” АЖ Навоий филиали масъул ходими Ж.Рустамовга, газоблок материалининг норматив талабларга зид равишда монтаж қилиниши бўйича “Зарафшон Голден Груп” МЧЖ масъул ходими А.Хожиевга, шунингдек, қурилиш-пудрат ва лойиҳа ташкилотининг тегишли вакилларига ҳам такрорий равишда МЖтКнинг 99-моддаси тегишли қисмларига асосан маъмурий жавобгарликка тортилган.
“Сифатсиз бажарилган газоблок териш ишлари 15 кун аввал ҳудудий назорат инспекцияси томонидан аниқланиб, жойида буздириб ташланган”, дейилади хабарда.
Маълумот ўрнида, бугунги кунга қадар Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси томонидан ушбу объект бўйича 135 марта мониторинг ишлари ўтказилиб, аниқланган қоидабузарликлар юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган 32 та кўрсатма берилган. Аниқланган камчиликлар ўз вақтида бартараф этилмаганлиги, шунингдек, қурилиш-монтаж ишларида лойиҳадан четланиш ва лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқишда камчиликларга йўл қўйганлиги сабабли инспекция томонидан буюртмачининг техник, қурилиш пудрат ташкилотининг ички ва лойиҳа ташкилотининг муаллифлик назорати бўйича масъулларга нисбатан 5 марта Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 99-моддаси тегишли қисмларига асосан маъмурий жавобгарликка тортилган.
LiveБарчаси