Навоийда кутилмаганда футбол бўлаётган стадионга вертолёт қўнди
Спорт
−
15 Август 2023
783114 август куни футбол бўйича U-21 Ўзбекистон чемпионатининг 16-туридан ўрин олган Навоийнинг “Қизилқум” ва Бекободнинг “Металлург” жамоалари ўртасида ўйин бўлиб ўтди. Ижтимоий тармоқларда мазкур баҳс ўтказилаётган стадионга вертолёт қўнгани акс этган суратлар тарқалди.
Ҳолат юзасидан Навоий вилояти клуби ўз Telegram саҳифасида муносабат билдирди.
Маълум бўлишича, ўйин 14 август куни соат 17:30 да старт олган. Соат 18:15 да жамоалар танаффусга чиққан. 18:20 да эса Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тасдиқланган режага асосан, Навоий вилоятида олиб борилаётган кенг қамровли профилактик тадбирлар доирасида белгиланган дислокацияга кўра “Ёшлик” ўйингоҳининг асосий футбол майдонидан 15 метрча узоқликда жойлашган қўшимча машғулотлар майдонига, яъни хавфсиз ҳудудга учувчилар алмашиши муносабати билан вертолёт қўнган ва 3-5 дақиқадан сўнг яна ўз йўналишида давом этган.
“Вертолётнинг қўниши футболчиларга ҳам, томошабинларга ҳам ноқулайлик туғдирмаган. Қолаверса, танаффус пайти бўлганлиги сабаб бу ҳолат футбол учрашувига ҳеч қандай таъсир ўтказмаган (халақит қилмаган). Вертолётнинг қўниш жараёнида барча хавфсизлик чоралари кўрилган бўлиб, қўшимча машғулотлар майдони ҳамда қўниш нуқтасида ўйинчилар ёки фуқаролар бўлмаган”, дейилади “Қизилқум” ПФК муносабатида.
LiveБарчаси