Навоийда ҳамшира беморни калтаклагани айтилмоқда. ССВ ҳолатга изоҳ берди

Жамият

image

Кеча, 19 октябрь куни ижтимоий тармоқларда Навоий вилояти Кармана туманидаги шифохоналардан бирида тиббиёт ходими ва шифокор қабулига келган бемор ўртасида юз берган тортишув акс этган видеолавҳа тарқалди.

Мазкур ҳолат Навоий вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан шу куннинг ўзидаёқ назоратга олиниб, ўрганишлар олиб борилди.

Аниқланишича, 2021 йил 18 октябрь куни Кармана тумани Талқоқ 2-даҳасида яшовчи фуқаро Т.Т. туман марказий шифохонасининг қабул бўлимига келиб, юраги безовта қилаётгани, шу боис, ушбу муассасанинг шошилинч тиббий ёрдам бўлимида даволанмоқчи эканини маълум қилган.

Марказнинг шошилинч тиббий ёрдам бўлими шифокори Тошев Акбар беморни дарҳол тиббий текширувдан ўтказиб, унга аҳволи қониқарли экани ва умумий ҳолати шошилинч тиббий ёрдам бўлимига ётиш учун белгиланган кўрсатмаларга тўғри келмаслигини айтган. Бироқ, фуқаро Т.Т. шифокорнинг сўзларига қатъий эътироз билдириб, уни ҳақиқатга мос келмайдиган сўзлар билан айблай бошлаган.

Шундан сўнг, Кармана туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори ўринбосари И. Нодиров, бош кардиолог А. Тошев, бош терапевт Ж. Мардонов, невролог Н. Саломов ва қабул бўлими мудири, кардиолог Н. Нурматова томонидан бемор консилиум қилинган. Текшириш давомида унга яна бир бор шошилинч тиббий ёрдам бўлимида даволаниш учун зарурат йўқлиги, умумий ҳолати ушбу бўлимда даволаниш учун белгиланган стандартларга тўғри келмаслиги тушунтирилган ва касаллик тарихига текшириш натижалари қайд этилган.

Қолаверса, беморга режали кардиология бўлимидан жой ҳозирланиб, зарур дори воситалари билан таъминланиши айтилган, бироқ у бунга рози бўлмасдан, шифокорлар устидан шикоят қилишини айтган. Сўнг шошилинч тиббий ёрдам бўлимига кириб, қўл телефони орқали муассасани тасвирга тушира бошлаган.

Бу ҳолатга гувоҳ бўлган марказ ҳамшираси М. Ҳамроева унинг бу хатти-ҳаракатларига эътироз билдириб, Т.Т.нинг қўл телефонини олиб қўйишга ҳаракат қилган. Бироқ, беморга ҳеч қандай қўл кўтармаган.

Шундай бўлса-да, бемор билан қўпол муносабатда бўлгани, соғлиқни сақлаш тизими ходимига муносиб бўлмаган ҳаракатларни содир этгани, бемор билан мулоқот қилиш қоидаларини қўпол равишда бузгани учун ҳамшира М. Ҳамроева қатъий огоҳлантирилган.

Айни пайтда Т.Т. туман тиббиёт бирлашмаси кардиология бўлимида режали равишда керакли даво муолажаларини олмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Навоий

Баҳолаганлар

504

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг