Сенаторларнинг навбатдаги йиғилиш санаси маълум бўлди

Жамият 2634
image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг тўртинчи ялпи мажлисини жорий йил 11 май куни чақирилади. Бу ҳақда бугун, 6 май куни Сенат Кенгашининг мажлисида қарор қабул қилинди.

Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ва коронавирус инфекцияси республика ҳудуди бўйлаб тарқалишининг олдини олиш мақсадида видеоконференцалоқа шаклида ўтказиладиган ялпи мажлисда 19 та масала, шу жумладан, 10 та қонун кўриб чиқилиши режалаштирилган.

“Саломатлик” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги, “Соғлом турмуш” медалини таъсис этиш тўғрисида”ги, “Фахрий мураббий” орденини таъсис этиш тўғрисида”ги янги қонунлар шулар жумласидан.

Шу билан бирга, “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги”ги, “Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунлар муҳокама қилинади.  

Бундан ташқари, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё иқтисодий иттифоқи билан ҳамкорлиги тўғрисидаги масала ҳам кўриб чиқилади.

Ялпи мажлисда “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурининг 2020 йил биринчи чорагидаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг, Омбудсман, Ҳисоб палатаси, Бош прокурор ва Марказий банк бошқаруви раисининг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари эшитилиши ҳам назарда тутилмоқда.

Ялпи мажлис кун тартибига ҳокимлар томонидан қарорлар қабул қилинишида қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати юзасидан Ҳукуматга парламент сўрови юбориш масаласи киритилган.

Президентимизнинг “Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонини тасдиқлаш масаласи навбатдаги мажлис кун тартибидан ўрин олган.

Кун тартибидаги масалаларга тайёргарликнинг бориши юзасидан масъул қўмиталар раисларининг тегишли ахборотлари эшитилди.

Шунингдек, парламент палаталари Кенгашларининг “Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер участкаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қўшма қарори ижросини таъминлаш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам муҳокама қилинди.

Мажлисда Кенгаш аъзолари Ўзбекистон Республикасининг Муқаддас Тахт ҳузуридаги Фавқулодда ва Мухтор Элчисини ҳам тасдиқлашди.

Эслатиб ўтамиз, Сенатнинг учинчи ялпи мажлиси жорий йилнинг 4 март куни ўтказилганди. Мажлис видеоконференцалоқа шаклида ўтказилганди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 37
Рейтинг: 2.9
t
×