Навальнийнинг шериги уйи ёнида болға билан ҳужумга учради

Олам

image

Литвада номаълум шахс Коррупцияга қарши кураш фонди (КҚКФ)нинг собиқ раиси ва Алексей Навальнийнинг сафдоши Леонид Волковга ҳужум қилди, унинг оёқлари ва қўлларига болға билан урди. Бу ҳақда Навальнийнинг матбуот котиби Кира Ярмиш Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.

"Леонид Волковга ҳозиргина уйи яқинида ҳужум қилишди. Унинг машинасининг ойнаси синган ва кўзига ёш оқизувчи газ сепилган, шундан сўнг ҳужумчи Леонидни болға билан калтаклай бошлаган. Ҳозир Леонид уйда, полиция ва тез ёрдам машинаси у томон кетяпти”, деб ёзади Ярмиш.

КҚКФ директори Иван Жданов ўзининг Telegram-каналида бу хабарни тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, Волковга уйи яқинида ҳужум қилинган. Волковнинг ўзи ҳам кейинроқ боғланиб, унинг қўллаб-қувватлаганларга миннатдорчилик билдирди.

"Бир киши ҳовлимда болға билан оёғимга 15 марта урди. Оёғим бутунлигича қолди – юрганимда оғрияпти, лекин синиш йўқ, дейишди. Лекин қўлим синди. Ҳозирча изоҳ беришга тайёр эмасман”, дейди у.

Литва Ташқи ишлар вазири Габриелиус Гандсбергис воқеага изоҳ берди.

"Леонидга қилинган ҳужум ҳақидаги хабар ҳайратланарли. Тегишли органлар иш бошлади. Жиноятчилар ўз жиноятлари учун жавоб беришлари керак", дейди сиёсатчи.

Маълумот учун, ўтган йилнинг март ойида Леонид Волков Коррупцияга қарши кураш фонди бошқаруви раиси сифатида жамоат ижтимоий-сиёсий фаолиятига танаффус қилганини маълум қилган. Бу қарор у 2022 йил октябрь ойида Европа дипломатияси раҳбари Жосеп Боррелга “Альфа Групп” раҳбарларига нисбатан санкцияларни бекор қилиш талаби билан мактубни имзолагани ва жўнатганини тан олганидан кейин қабул қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Литва Алексей Навальний Леонид Волков

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг