НАТОда Туркия билан бирдамлик учун байроқлар яримга туширилди

Олам

image

Туркиянинг Қаҳрамонмараш вилоятидаги зилзилада минглаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳида байроқлар яримга туширилди. Бу ҳақда “Анадолу” агентлиги хабар берди. 

НАТОнинг Брюсселдаги қароргоҳи олдидаги 30 иттифоқчи давлат байроқлари Туркия ва турк халқи билан бирдамлик учун 8 февраль оқшомига қадар ярим туширилган ҳолатда қолади. 

Туркиянинг НАТОдаги доимий ваколатхонаси ижтимоий медиа орқали иттифоққа миннатдорлик билдирди.  

“Биз иттифоқчиларимизга Туркияга кўрсатган бундай кучли ва мазмунли бирдамлик ва ёрдам учун чин дилдан миннатдорлик билдирамиз”, дейилади баёнотда. 

НАТО матбуот котиби Оана Лунгеску, ўз навбатида, НАТО давлатлари фалокат зонасида муҳтожларга ёрдам кўрсатиш учун саъй-ҳаракатларини сафарбар қилганини айтди. 

Эпимаркази Туркия жануби-шарқидаги Қаҳрамонмараш вилоятида содир бўлган икки кучли зилзила (7,7 ва 7,6 магнитудали) 6 февраль куни Туркиянинг ўн вилоятида кенг кўламли вайронагарчиликларга олиб келди. Ҳатай вилоятида ҳам жиддий зарар қайд этилган. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда 3549 киши ер силкиниши қурбони бўлган, 22 168 киши жароҳатланган. Вайроналар остидан 8 мингдан ортиқ одам қутқариб олинди. 

Вайронкор зилзила қўшни мамлакатларда, жумладан Сурия, Ливан, Шимолий Кипр Турк Республикаси, Греция Кипр ва Ироқда ҳам сезилди. 

Сўнгги маълумотларга кўра, Суриянинг Идлиб, Ҳалаб, Хама, Латакия ва Раққа вилоятларида 1,6 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Туркиядаги зилзила

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг